Ассамдаги қадимий Қуръон қўлёзмаси диний бағрикенглик рамзи саналади
Ҳиндистоннинг Ассам вилоятидаги Камруп туманида жойлашган масжидда сақланаётган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси ҳанузгача зиёратчилар ва тарих ихлосмандларининг эътиборини тортмоқда.
У маҳаллий аҳоли томонидан минтақада турли дин вакиллари ўртасидаги бағрикенглик ва ҳамжиҳатликнинг рамзи сифатида эъзозланади
Ривоятларга кўра, қўлёзма тахминан 1770 йилда шайх Доҳи Беду кўрган туш орқали ўрмондаги маълум жойдан топилган. Қидирув ишларида турли миллат ва дин вакиллари иштирок этган ва натижада ёғоч сандиқ ичида Қуръони карим қўлёзмаси ҳамда бир қатор қадимий тангалар ва тарихий буюмлар борлиги аниқланган.
Қўлёзманинг машҳур ҳинду ибодатхонаси яқинидан топилгани унинг тарихий аҳамиятини янада ошириб, Ассамда асрлар давомида шаклланган ўзаро ҳурмат ва диний тотувлик анъаналарини ифода этади. Бугунги кунда ушбу ноёб қўлёзма ҳар жума намозидан кейин зиёратчилар учун намойиш этилиб келинмоқда.
Мазкур Қуръони карим нусхаси бўлган ноёб қўлёзмани кўриш учун Ҳиндистоннинг турли ҳудудларидан юзлаб меҳмонлар ташриф буюрмоқда.
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади.