Сунъий озиш ортидаги хатарлар
Бир неча ойдан бери кўришмаган танишимни учратдим. Тўладан келган инсон ўрнида анча озган, сўлғин қиёфани кўриб, ҳайратландим. Марафонда иштирок этиб, қарийб 20 кило озибди, аммо саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни ҳам орттирибди. Фақат салат еб ва сув ичиб, қисқа вақт ичида “ёғларини эритибди”. Эндиликда буйракларида жиддий ўзгаришлар бўляпти экан…
Ортиқча вазн, кўпчилик ўйлаганидек, биргина углевод, зарарли ёғларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишдан келиб чиқмайди. Семизлик нафақат инсон танасини беўхшов кўрсатади, балки саломатлигини ёмонлаштиради, ибодатларга дангаса қилиб қўяди.
Ҳаддан ортиқ овқатланиш нафсни тия олмаслик билан боғлиқ дейилади. Аммо ҳар доим ҳам шундай эмас. Шифокорнинг таъкидлашича, семириш биринчи ўринда наслга боғлиқ. Орамизда шундай инсонлар бор, улар пала-партиш овқатланишса-да семирмайди, чунки аждодида семизлар бўлмаган. Иккинчи сабаб – гормонал бузилишлар. Аксарият ҳолларда қалқонсимон без ишлаб чиқарадиган гормонлар семиртиради, деб хато ўйлашади. Бўқоқ касаллиги бор одамлар кўпи билан 10 килогача семириши мумкин. Инсоннинг 20–30 килолаб вазн йиғишига сабаб бўлувчи бошқа гормон бор, бу инсулиндир. Доимий асабийлашиш, зарарли овқатларни истеъмол қилиш инсулинни меъёридан ортиқ ишлаб чиқишга сабаб бўлади. Кейинги семиртиришга мойил гормон – пролактин. У ҳомиладорликда ва эмизикли пайтда меъёрдан ортади, натижада аёллар оналик даврида семиради ва шишади, ёғлар тўпланиши кузатилади. Навбатдаги семиртирувчи стресс гормони – кортизол бўлиб, қорин соҳасига ёғларни йиғади.
Эндокринолог, диетолог Комила Исҳоқова бундай дейди: “Ҳозирда урф бўлаётган озишга доир курс, марафонларни тиббиётдан хабари бўлмаган инсонлар ҳам сотиш билан овора.Марафонларда қисқа вақт ичида енгил, тез озиш ва одатда барча иштирокчига бир хил қолипдаги парҳез дастурхони айтилади. Аммо бу катта хато. Чунки озиш жараёнида инсоннинг топиш-тутишига, ёндош касалликларига қараб махсус парҳез тузилади. Биз ҳам беморларнинг талабига кўра бир йил давомида курслар қилдик. Унда ҳар бир аёлга хос таомномалар асосида овқатланиш ўргатилди. Тўғри, бу қайсидир маънода соғлом озишга ёрдам берди. Бироқ вақт ўтгач яна вазни ортди. Шунда тушундимки, шифокор назорати остида кило ташлаш – энг тўғри ечим. Озишдан олдин, албатта, махсус таҳлиллар топширилади ва таҳлил жавобларидан келиб чиқиб, тўғри таомланиш дастури тузилиб, қўшимча дорилар ҳам тавсия қилиниши мумкин.
Ошқозонни кесиш, оздирувчи уколлар қилиш юртимизда 2021 йилдан кузатила бошланди. Бу амалиёт ҳам вақтинчалик таъсир қилиб, уч-тўрт йил ўтиб яна семириш оқибатида беморлар қайта-қайта мурожаат қилишмоқда. Ҳатто шундай беморлар бор, улар ошқозон ва ичакларни икки марталаб кестиришган.
Тез озаётган одам сув, мускуллар ва бошқа ўта фойдали моддаларни йўқотади. Шишлар бундан мустасно. Тез озиш усули наслий ўзгаришга таъсир қилмайди. Оқибатда бироз вақтдан кейин яна семиради, эндиликда унга ёғ, сув қайтади. Фойдали масса – оқсиллар ва ҳаётий муҳим элементлар кучли етишмовчилиги натижасида бошқа касалликларни орттириб, кучсизлашади. Қариш тезлашади, тери осилади ва сурункали чарчоқ кузатилади.
Танамиз учун ёғлар ўта зарур. Улар органларни ушлаб туради. Соғлом инсон кунига 50–200 гр миқдорда ёғ йўқотади. Энди тасаввур қилинг, ҳафтасига ёки бир ойда бирданига 5–10 килогача ёғ кетиши танани қандай ҳолатга олиб келади?! Айниқса, аёлларда сийдик ушлолмаслик, бачадон тушиши ва юрак ритмининг ўзгариши кузатилади. Ёндош касалликлардан камқонлик, ўт қопида димланиш ва тош ҳосил бўлиши, буйрак етишмовчилиги ва айниқса, бир неча кунлаб очлик билан озадиганларда руҳий касалликлар уйғонади”.
Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам боласига тўлдириш учун қорнидан кўра ёмонроқ идиш йўқ. Инсонга қаддини кўтарадиган луқмалар кифоя. Агар иложи бўлмаса, қориннинг учдан бири таоми, учдан бири ичимлиги ва учдан бири ҳаво учундир” (Имом Термизий ривояти), деганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон ортиқча овқатланмаганлар, тўқликни ёқтирмаганлар ва доим ҳаракатда яшаганлар. Мустаҳаб рўзаларда бардавом бўлганлар. Олимлар баъзида рўза тутиш танадаги ўнлаб касалликларнинг олдини олишини аниқлашгани сир эмас. Биз аёллар ҳам суннат буюрган таомланиш, уйқу тартиби ва енгил спорт турлари билан мунтазам машғул бўлсак, ортиқча вазн деган бошоғриғидан халос бўламиз.
Нафиса ПАРДАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws