Чумолилар ҳам ўзаро маслаҳатлашади
Бугунги ахборот асрида маълумотлар алмашинуви шу даражада кўпайдики, эндиликда архивларни титкилаш, кутубхоналар ва энциклопедияларга мурожаат қилишнинг ҳожати қолмади. Медиа макондаги қидирув тизимидан исталган нарсани топиш мумкин. Сунъий интеллект чатботлари инсон билан мулоқотга киришиб, барча саволларга “жавоб бермоқда”.
Лекин бу қурилмалар ҳам ўзига яраша камчиликларга эга. Шу тарзда олинган маълумотлар баъзан ҳаддан ташқари кўп бўлиши бирор масалада тўғри қарор қабул қилишни қийинлаштиради. Бироқ янги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, меҳнаткаш чумолилар ушбу замонавий муаммога ўзига хос ечим бўлмоқда.
АҚШнинг Аризона Штати университети доценти Стивен Праттнинг тадқиқотига кўра, чумолилар биргаликда қарор қабул қилиш орқали ахборотлар оқимидан тўғри хулоса чиқариб олиш қобилиятига эга. Тажрибага кўра, чумолилар бир нечта уялар орасидан ўз ларининг уяларини тўғри танлаши керак бўлади. Танлаш учун таклиф қилинган жойларнинг ярми яроқсиз ва шикастланган эди.
Тадқиқотчилар алоҳида ажратилган якка чумолилар уяларини қандай топишини кузатдилар ва уни чумолилар жамоаси томонидан биргаликда қабул қилинган қарорлар билан солиштиришди. Рўпараларида ўзларига тегишли уяни топишда жамоавий чумолилар қарори аниқлиги тадқиқот натижаларидан маълум бўлди. Якка чумолилар уясини топишда нотўғри қарор қабул қилишган.
Профессор Пратт айтади: “Қарор қабул қилишда битта чумолидан кўра жамоавий чумолилар кўплаб маълумотларни таҳлил қилишда тўғри хулосага келгани аниқланди. Ушбу тажрибадан битта чумоли ўзи идрок эта оладиган даражадан ортиқ маълумотлар бўйича тўғри қарор қабул қила олмаслигини тушундик”.
Бошқача айтганда, агар ушбу тажрибани инсонлар орасида татбиқ этсак, ҳар бир киши мавжуд вариантларнинг фақат бир қисмини баҳолашга қодирлигини ва ўз навбатида, жамоа билан ахборотларни таҳлил қилиб хулоса, қарор қабул қилиши кўп миқдордаги ахборот юкини камайтиришини англаймиз.
Ушбу тадқиқот давомида профессор Пратт ҳайвонлар дунёси биз ўйлагандан кўра анча мукаммал эканлигини таъкидлади.
Олимларнинг илмий хулосалари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алай ҳи ва салламнинг 14 аср аввал муҳим қарор қабул қилишдан олдин истихора намози ўқиш, ишончли одамлар билан маслаҳатлашишга чақирганлари нақадар тўғри эканини исботламоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мен одамлар билан кўп маслаҳатлашишда Расулуллоҳдек инсонни кўрмадим. У зот Аллоҳнинг Пайғамбари бўлишларига қарамай, бирор масалада бошқаларнинг фикрларини билишга эътибор қаратар ва доимо улуғ саҳобалар билан бамаслаҳат иш кўрганлар.
Тўлқин АЗИМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 8-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws