Адоватнинг муолажаси
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Бир-бирингизни ёмон кўрманг, бир-бирингизга ҳасад қилманг, бир-бирингиздан юз ўгирманг! Биродар бўлинглар, эй Аллоҳнинг бандалари!” (Имом Муслим ривояти).
“Бир-бирингизни ёмон кўрманг”. Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Билингки, агар инсон ўша лаҳзада ўч олишга ожизлиги сабабли ғазабини ичига ютишга мажбур бўлса, бу ғазаб унинг ичида димиқиб, ёмон кўриш (кек, ҳиқд)га айланади. Натижада қалб ўша одамни кўрганда сиқилади, нафратланади ва ундан қочишга интилади. Бу ҳолат қалбда узоқ вақт, ҳатто бир умр сақланиб қолиши мумкин.
(Ҳиқд) кек сақлаш саккиз офатни пайдо қилади: 1) ҳасад – унга неъмат етса, маҳзун, мусибат етса, хурсанд бўлиш; 2) унга етган мусибат ва қийинчиликдан ошкора қувониш; 3) алоқани узиш – у ярашишга интилса ҳам, ундан юз ўгириш; 4) менсимаслик; 5) ноҳақлик – у ҳақда ёлғон гапириш, ғийбат қилиш, сирини, айбини фош қилиш кабилар; 6) масхаралаш; 7) озор бериш; 8) ҳақини бермаслик.
Ёмон кўришнинг энг қуйи даражаси юқоридаги саккизта офатдан тийилишдир. Киши бу билан гарчи Аллоҳнинг азобига дучор бўлмаса-да, лекин диндаги даражаси тушиб, фазл ва карам соҳиби бўлишдан тўсилиб қолади.
Энг афзали – олдин қандай бўлса, шундайлигича қолиш. Нафси билан мужоҳада қилиб, шайтонни хорлаш учун ўша одамга нисбатан яхши муносабатни, хайрихоҳликни сақлаб қола олса, бу сиддиқлар мақоми ва Аллоҳга яқин бандалар амалларидан бўлади”.
Хулоса шуки, кек сақлаш инсоннинг зоҳирий амалларига таъсир қила бошласа, масалан, алоқани узиш, ғийбат қилиш ёки ҳақоратлаш кабиларга олиб борса, бу – гуноҳ. Шунингдек, ўз ихтиёри билан қалбида бирор кишига нисбатан нафрат уйғотиш ва ёмонлик қилиш йўлларини режалаштириш жазога лойиқ бўлган адоватдир. Аммо беихтиёр қалбда пайдо бўлган нафрат ёки сиқилиш бўлса, бу жазони вожиб қилувчи адоват эмас. Лекин бундай ҳолатнинг ман қилинган адоватга олиб бориш хавфи бор. Шунинг учун инсон бундай вазиятда ўз нафсини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратиши ва адоватнинг бирор белгиси кўриниши билан уни даволашга шошилиши лозим. Бунга қуйидаги амаллар ёрдам беради: нафратланаётган кишисининг яхши хислатларини эслаш; гарчи қийин бўлса-да, ёмонликларини кечириш; унинг ислоҳини сўраб дуо қилиш; адоват сақлашнинг охиратдаги жазосини эслаш; қалбидаги нафратдан халос бўлишини сўраб дуо қилиш.
“Бир-бирингизга ҳасад қилманг”. Ҳасаднинг тўртта даражаси бор. Биринчиси, бир кишидаги неъматнинг завол топишини шунчалар хоҳлашки, гарчи ўзига ўтмаса ҳам майли. Яъни ўша одамни ҳар қанақасига зарар-зиёнда, маҳрумликда кўришни исташ. Бу пасткашлик ва ёвузликнинг энг юқори нуқтаси бўлиб, ҳаромдир. Иккинчиси, бировдаги неъматнинг ундан кетиб, ўзига ўтишини хоҳлаш. Яъни ўша неъматнинг фақат ўзида бўлишини исташ. Учинчиси, бировдаги неъматнинг ўхшашини орзу қилиш. Агар эриша олмаса, ўртадаги фарқ кўриниб қолмаслиги учун бошқадан ҳам ўша неъматнинг йўқолишини исташ. Тўртинчиси, бировдаги неъматнинг кетишини истамаган ҳолда унга ўхшашини орзу қилиш (ҳавас). Мана шуниси – дунёвий ишларда бўлса, мубоҳ, диний ишларда бўлса, мақталган ҳолатдир. Иккинчи ва учинчи даражада мазаммат қилинган ва қилинмаган жиҳатлар бор.
Агар ҳасад зоҳирий амалларда намоён бўлса, масалан, ҳасад қилинган кишини ғийбат қилиш, ёмонлаш, ундан неъмат кетганида ошкора хурсанд бўлиш кабилар билиттифоқ ҳаромдир. Аммо ҳасад зоҳирий амалларга таъсир этмаса, яъни ҳасадчининг ҳасади Ҳадис шарҳи Адоватнинг муолажаси бирор кишига зарар бермаса-да, Имом Ғаззолийнинг фикрича, у барибир Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкордир. Илло банда қалбида беихтиёр пайдо бўлган ҳасадни сўндиришга, унга қарши курашишга ҳаракат қилса – ўзини мажбурласа, мана шу ҳолатда у кечирилиши мумкин.
“Бир-бирингиздан юз ўгирманг! Биродар бўлинглар, эй Аллоҳнинг бандалари!” Гўёки, бир-бирига ҳасад ва адоват қилувчилар ўз ишлари билан Аллоҳнинг (ҳақиқий) бандаси эканларини инкор этаётгандек бўладилар. Шунинг учун уларга аввал Аллоҳнинг бандаси бўлиш, сўнг мана шу бандаликни намоён қилиш буюрилмоқда.
“Такмилату Фатҳул мулҳим” асари асосида Азизбек ХОЛНАЗАРОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws