“Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр…”
Ҳазрат Навоий асарларининг бош мавзуси – инсон камолоти. Комил инсонлар ададининг кўпайиши эса жамият маънавияти юксалишининг асосий омилидир. Одамларнинг бир-бирига муносабати ҳам жамиятда алоҳида аҳамиятга эга. Бу муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ширинсўзлик асосига қурилиши жамиятнинг равнақини таъминлайди. Ҳадислар ана шу мақсадга қаратилгани билан муҳим. “Ал-калиматут таййибату садақатун”, яъни “Ширин сўз – садақадир” мазмунидаги ҳадис бунинг ёрқин исботидир. Ҳазрат Навоий мазкур ҳадисни назмда бетакрор талқин этган:
Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,
Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.
Не учунким Расул қавли билан –
Яхши сўз бордур ўйлаким садақа.
Ушбу ҳадис шарҳида бундай сўзларни ўқиймиз: “Агар муҳтож кишиларга яхши таомдан нафақа қила олмасанг, ҳеч бўлмаса яхши сўз билан улар ҳолидан хабар ол. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтишларича, яхши сўз ҳам савобда садақадан кам эмас”. Шунинг учун ҳам ҳазрат Алишер Навоий “ҳожат аҳли” ҳақида сўз очади. Уларга яхши таом улаша олмасанг ҳам, яхши сўз билан ҳол сўра, дея ўгит беради.
“Ас-самоҳу рабаҳун” – “Қўли очиқлик фойдадир” мазмунидаги ҳадиси шариф ҳам муҳим инсоний фазилат ҳақида. Бу ҳадис шарҳи ҳам бадииятнинг бетакрор намунаси даражасида: Мол базл ила суд агар тиласанг, Оқибат чун ўлум эрур мавжуд. Асрағон қолур, улки базл эттинг, Санга ҳамроҳ борурдин эттинг суд.
Яъни мол-пул сарфлаб фойда топишни истасанг, шуни бил: модомики ўлим ҳақ экан, асраганинг қолиб, сарфлаганинг сенга ҳамроҳ бўлади. Мана шуниси ҳақиқий фойдага қолади.
Таъкидлаш керакки, ҳазрат Алишер Навоий бу каби нодир фикрларни фақат асарларида ёзибгина қолмай, ҳаётда ҳам бунга тўлақонли амал қилган. Ғиёсиддин Ҳумомиддин ўғли Хондамирнинг “Макоримул ахлоқ” асарида ёзилишича, “ул ҳидоят ва иқбол осмонининг қуёши” ўз хусусий мулкини эл-юрт манфаати йўлига сарф этган, жумладан, 60 дан ортиқ бино, 20 га яқин ҳовуз, 16 кўприк, 9 ҳаммом, 20 масжид ва бир қанча мадрасалар, хонақоҳлар барпо эттирган. Асарда бу иншоотлар номма-ном саналган.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
Навоий ҳикматларидан
Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса яхшилиқ била от.
* * *
Бордур инсон зотида онча шараф, –
Ким ямон ахлоқин этса бартараф.
* * *
Кўп демак бирла бўлмағил нодон,
Кўп емак бирла бўлмағил ҳайвон.