Аёлнинг ҳақиқий зийнати
Аёлнинг зийнати – унинг ташқи кўринишига гўзаллик бағишлайдиган воситалар ҳамда қадрини оширадиган гўзал фазилатларидир. Исломда зийнат фақат ташқи кўриниш билан чекланмайди. У икки турга бўлинади: маънавий (ахлоқий) ва ҳиссий (ташқи) зийнат.
Улар ичида энг улуғи – маънавий зийнат. Боиси ахлоқий зийнат аёлни Аллоҳга ва инсонларга суюкли қилади. Бу турга иймон, ҳаё, сабр, ростгўйлик, садоқат, меҳрибонлик, илм ва бағрикенглик фазилатлари киради. Хулқий зийнатларни жамлаган мўмина аёл гўзал одоби билан оилада азиз бўлади, жамиятда ҳурмат топади ва охират саодатига эришади, иншоаллоҳ.
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 7-оятида “… Аллоҳ сизларга иймонни севимли қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади ва сизларга куфрни ва исённи ёмон кўрсатди…” деб марҳамат қилди. Демак, қалб зийнати – иймон. Шунингдек, аёлни қадрсизлантирадиган ёлғон, ғийбат, туҳмат, хиёнат каби бошқа гуноҳлардан сақланиш маънавий зийнатнинг муҳим қисми ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Одамлар: “Ё Расулуллоҳ! Қандай аёллар яхши?” дейишди. У зот: “Назар солса, уни хурсанд қиладиган. Амр қилса, унга итоат этадигани ва ўз жонида ва молида эри ёқтирмайдиган нарса ила унга хилоф қилмайдигани”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
Агар аёллар шу ҳадисни қалбларига жо қилсалар, ижтимоий тармоқларда кўпайиб кетаётган чала психологлар, мотиваторларга эҳтиёжлари бўлмас эди.
Ҳиссий ёки ташқи зийнат эса икки қисмдан иборат: туғма зийнат ва орттирилган зийнат. Туғма зийнатга юз, қомат, соч, овоз каби Аллоҳ ато этган неъматлар киради. Айниқса, юз инсон гўзаллигининг маркази ҳисобланади.
Орттирилган зийнат эса кийим-кечак, тақинчоқлар, косметика ва парвариш воситалари орқали ҳосил қилинади. Динимиз аёлнинг ўзини безатишига рухсат беради, боиси нафис хилқат табиатан Аёлнинг ҳақиқий зийнати гўзалликнинг шайдоси. Аммо бу борада меъёрни унутмаслик лозим. Аниқроғи, исрофга йўл қўймаслик, бегона эркаклар эътиборини тортадиган даражада очиқ-сочиқ бўлмаслик, гўзалликка берилиб асосий вазифаларини унутмаслиги даркор. Зеро, ташқи кўриниш фоний дунёда вақт ўтиши билан ўзгаради. Ташимизга кўрк берувчи соч, қош бўёқлари, баъзида тиббий томондан косметик жарроҳлик йўли билан ўзгариш талаб қилинганда, вазиятга кўра тегишли ҳукмларни ўрганиб, аввало, илм аҳлидан сўраб ҳаракат қилиниши лозим.
Унутмайлик, ҳаё, иймон ва гўзал хулқ каби ахлоқий зийнатларимиз аёлни умр бўйи ардоқли, муҳтарам ва қадрли қилиб туради. Ташқи зийнат кўзни қувнатса, маънавий зийнат қалбларни мафтун этади. Демак, муслима аёл зийнатда меъёр, ҳаё ва тақводорликни устувор қўйиши лозим.
Нодирахон МУРОТОВА,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан