Озор беришдан сақланайлик
Маҳаллаларнинг бирида девор-дармиён икки қўшни негадир сира муросага келмайди. Ҳаммаси чап томондаги қўшнининг янги иморатини баланд қилиб кўтарганидан бошланди. Иморат қурилаётганида нариги қўшни шифохонада даволанаётган эди. Келиб қараса, қўшниси янги уй томини шунчалар баланд кўтариб юборибдики, ҳовлиси худди қафасга ўхшаб, ҳаво айланмай қолибди. Буни қўшнисига ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлди, аммо у: “Менга ақл ўргатмаган битта сен қолувдинг…” каби сўзлар билан ҳақоратлаб ташлади.
Шундан кейин томошанинг каттаси бошланиб кетди: униси бунисининг серҳосил дарахти шохини кесиб юборган, буниси унисининг ариғини кўмдириб ташлаган. Хуллас, ҳали оқсоқол, ҳали участка нозири икки қўшни ўртасида қози бўларди. Арзимас баҳонадан, шариатимиз талабларини тушунмасликдан бошланган можаро бора-бора кучайиб, шунча йил аҳилиноқ яшаган икки қўшни бир-бирига ёв бўлди-қолди.
Ўйланиб қоласан киши: Бизга ўзи нима бўляпти? Нега одамларимиз қўшничиликнинг минг йиллик қадриятларини унутиб юборишяпти? Муносабатларини динимиз талабларига мувофиқ қура олмай, йиллаб аразлашиб, ёвлашиб юришибди?
Динимизда қўшничилик масалаларига катта эътибор берилган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ота-онангизга ҳамда қариндошуруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўл остингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз!” дея буюради (Нисо сураси, 37-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Жаброил алайҳиссалом қўшни ҳаққига риоя қилиш тўғрисида менга шу қадар кўп васият, топшириқ қилдиларки, мен уни ҳатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак деб ўйладим”(Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!” дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Шариатимизга кўра, қуйидагилар қўшничиликнинг асосий ҳақлари ҳисобланади: қарз ёки бирор нарса сўраса, бериш; чақирса жавоб бериш; касал бўлса, бориб кўриш; бошига мусибат тушса, ҳамдард бўлиб, кўнглини кўтариш; сафарга кетса, уйи ва оиласини ҳимоя қилиш; унинг изнисиз иморатини баланд қурмаслик; унга тили, қўли билан зарар етказмаслик; муҳтож бўлса, ёрдам бериш ва ҳоказо.
Афсуски, кўпчилик қўшничилик ҳақларни яхши билмайди ёки эътиборсизлик қилади, гоҳо эса очиқдан-очиқ поймол этади. Оқибатда одамлар орасида аҳиллик, тотувлик йўқолиб, жамиятда парокандалик кузатилади. Афсуски, кўп ҳолларда қўшничилик ҳақлари унутиб қўйиляпти. Баъзан қўшни уйда қозон қайнамаётганини билсак ҳам, бир коса овқат илингимиз келмайди. Аллақаёқдаги бегона одамга ёрдам кўрсатамиз-у, ёнимиздаги қиёматли қўшнининг муҳтожлигини кўрмаганга оламиз. Энг ёмони – озор беришдан, ёмонлик қилишдан тап тортмаймиз.
Азизлар! Қўшничилик муносабатларида шариатимиз талабларига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига биноан иш тутайлик. Қўлимиздан келганича яхшилигимизни, ширин сўзимиз ёки табассумимизни бир-биримиздан аямайлик. Ҳеч бўлмаса, озор беришдан сақланайлик. Ана шунда хонадонимизга, маҳалламизга, эл-юртимизга барака-файз ёғилади, иншоаллоҳ!
Мўминжон САЙДАЛИЕВ,
фахрий имом
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws