Ҳаромдан тийилган киши басиратлидир
Номаҳрамларга қарашдан тийилиш қалб хасталигидан асрайди. Қолаверса, жуда кўп ёмонликларнинг олди олинади, оилалар тинч бўлади. Бунинг биз билган ва билмаган бошқа ҳикматлари ҳам кўп.
Аллоҳ таоло буюради: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ишлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар, авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!..” (Нур сураси, 30–31-оятлар).
Одатда, мусулмон эркаклар учун айтилган гап муслима аёлларга ҳам тегишли бўлади. Аммо мазкур масала ўта муҳимлигидан эркакларга алоҳида, аёлларга алоҳида мурожаат этилмоқда.
Оятдаги “Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир)” жумласи, уламолар таъкидлашича, номаҳрамларга ёмон кўз билан қарамаслик, бузуқ ишлардан йироқ юриш қалб поклиги учун муҳимдир.
Айтишларича, ким кўзини ҳаромдан тийса, Аллоҳ унинг басиратида бир нур пайдо қилади. Арабча “басират” сўзи “ақл-идрок”, “заковат”, “қалб кўзи”, “тажриба”, “ҳужжат”, “ибрат” каби маъноларни англатади. Ибодат лаззатини топиш истагидаги одам, биринчи навбатда кўзини, тилини, қулоғини, борингки, барча аъзоларини ҳаромдан сақлайди. Шунда у секин-аста хушусизлик дардидан халос бўлади. Номаҳрамлар билан бузуқ иш қилиш нияти бор одамнинг қалби касалдир. Аллоҳ таоло бундай деган: “Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмассизлар (яъни, бирон аёл фазл-мартабада сизлар каби бўлолмайди). Агар тақводор бўлсангиз (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтингизда), майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида касаллик бўлган кимса тама қилиб қолади. Яхши-тўғри сўзни сўзланг!” (Аҳзоб сураси, 32-оят).
Яъни эй Пайғамбар алайҳиссалом аёллари! Бегона эркаклар шаҳватини қўзғайдиган тарзда майин овозда гапирманг. Қалби хаста кимсалар сизлар билан бу оҳангда гаплашишса, хаёли бузилади. “Яхши-тўғри сўзни сўзланг!” Яъни қалбида касаллик бор кимса сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борадиган даражада майин сўзларни гапирманг, балки энг яхши, шубҳадан холи сўзларни сўзланг!
Соғлом қалб эгаси зинони, ҳар қандай бузуқликни рад этади, ёмон хаёлларга бормайди. Қалби хаста кимсалар эса гуноҳга мойил бўлади, бегона аёлларга хиёнат кўзи билан қарайди.
Айтиш жоиз, кўзни ҳаромдан тийиш гуноҳдан қочишдир. Бу номаҳрамнинг қорасини ҳам кўрмасликки ҳожатдан ташқари назар ташламасин, номаҳрамга беихтиёр кўзи тушиб қолса, нигоҳини дарҳол бошқа томонга бурсин, тикилиб қолмасин, деганидир. Чунки номаҳрамга кетма-кет қараш шаҳвоний ҳирсни уйғотади, хаёлни чалғитади, бузуқликка ундайди.
Ҳадислардан бирида бундай дейилади: “Қайси бир мусулмон (кишининг бегона) аёл гўзаллигига кўзи тушганда нигоҳини олиб қочса, Аллоҳ унга шундай бир ибодатни берадики, унинг ҳаловатини (қалбида) топади” (Имом Аҳмад ва Имом Табароний ривояти).
Аллоҳнинг амрига итоат этсак, У Зот дилимизга ихлос неъматини солади. Ибодатларни хушу билан адо этамиз. Дунёда иймон лаззатидан ҳам қадрлироқ, кўнгил хотиржамлигидан-да тотлироқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло барчамизни мустаҳкам иймон, ихлос, офият билан сийласин!
Мардиқул СИДДИҚОВ,
Хатирчи тумани
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws