“Имом ал-Акбар” дастури — Миср Қуръон радиосида
IQNA: Миср Миллий ахборот медиа ташкилоти раиси, ёзувчи Аҳмад ал-Мусалмоний бошчилигида Қуръон Карим радиоси тўлқинларида “Имом ал-Акбар” (“Буюк имом”) деб номланган янги дастур йўлга қўйилиши эълон қилинди. Дастурда қарийб 90 йил давомидаги Азҳар уламоларининг суҳбатлари ва хутбалари эфирга узатилади.
Дастур имом Муҳаммад Мустафо ал-Мароғийдан бошлаб, то ҳозирги Азҳар шайхи, Имом ал-Акбар, доктор Аҳмад ат-Таййибгача бўлган Азҳар уламоларининг суҳбат ва хутбаларини қамраб олади.
Миср радиоси раҳбари Абдурраҳмон ал-Басюнийнинг айтишича, дастур XX ва XXI асрларда ушбу шарафли лавозимда фаолият юритган Азҳар шайхларининг суҳбатларига ихтисослашади.
Қуръон Карим радиоси тармоғи раҳбари Исмоил Дувайдарнинг таъкидлашича, радиостанцияда буюк имомларнинг кўплаб аудиоёзувлари мавжуд. Уларнинг айримлари Қуръон Карим радиоси ташкил этилгунга қадар, айримлари эса ташкил этилганидан кейин ёзиб олинган.
Шунингдек, радио нодир тарихий ёзувлар ва мерос материалларини тўпловчи ҳаваскорларга мурожаат қилиб, миллий радио фаолиятининг илк йилларига оид уларда мавжуд бўлган ҳар қандай аудиоёзувларни тақдим этишни сўраган. Топилган ёзувлар дастур архивига қўшилади.
Радио архивида буюк имомларнинг қарийб 600 та ёзиб олинган суҳбати мавжуд. Жумладан:
- 180 та — Имом ал-Акбар доктор Аҳмад ат-Таййиб;
- 99 та — шайх Жодулҳақ Али Жодулҳақ;
- 92 та — шайх Муҳаммад Саййид Тантавий;
- 90 та — шайх Маҳмуд Шалтут;
- 64 та — шайх Абдулҳалим Маҳмуд;
- 38 та — шайх Ҳасан Маъмун;
- 20 та — шайх Абдурраҳмон ал-Бисор;
- 2 та — шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий.
Ал-Мароғийнинг ушбу икки суҳбати 92 йилдан ортиқ вақт аввал, Қуръон карим радиоси ташкил этилганидан олдинги “миллий радио” даврида ёзиб олинган.
Манба: Миср Миллий ахборот медиа ташкилоти.
И.Аҳмедов тайёрлади.