Банда қачон туғёнга кетади?
«Аллоҳ ҳамма бандаларининг ризқини кенг қилиб қўйганида эди, улар Ер юзида (бирбирларига) ошиб кетган зулмни қилишган бўлишарди. Лекин У (ризқни) Ўзи хоҳлагани миқдорда туширади. Албатта, У бандалари ҳолидан огоҳ ва барча нарсани кўргувчидир» (Шўро сураси, 27-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Оятни бир мартабадан кейин яна юқори мартабани, бир уловдан кейин яна яхшисини, бир кийимдан кейин яна бошқасини исташ”, деб тафсир қилган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Одам фарзандининг икки водий тўла олтини бўлса ҳам, учинчисини истаб қолади”, деган сўзларига ҳам мувофиқ келади.
Яна бир тафсирда: “Агар Аллоҳ таоло одамларни мол-дунёда тенг қилиб қўйганида эди, баъзилари баъзиларига бўйсунмас, натижада касб-ҳунар йўқ бўлиб кетарди”, дейилган.
Бир қавлда: “Одамлар мўл-кўлчиликка эришса, бир-бирларига зулм қилиб ҳаддан ошиб кетар эдилар”, дейилган. Имом Замахшарий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир-бирларига зулм қилган бўлишарди. Чунки бойлик инсоннинг ҳаддан ошишига ва нафсга берилишга сабаб бўлади. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим ҳақида энг кўп қўрқадиган нарсам – дунё зийнати ва унинг кўплигидир”, деганлар.
“Лекин У ризқни Ўзи хоҳлаган миқдорда туширади. Албатта, У бандалари ҳолидан огоҳ ва барча нарсани кўргувчидир”. Шунинг учун Аллоҳ одамларнинг ризқларини эҳтиёжлари миқдорида беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “…Мен бандаларим қалбларини билганим сабабли тадбир қиламан. Албатта, Мен ҳамма нарсани билувчи ва хабардор зотман”, мазмунидаги ҳадиси қудсийни айтганларида, Анас розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳим! Мен Сенинг фақат бойлик билан ислоҳ бўладиган мўмин бандаларингданман. Бас, Ўз раҳматинг билан мени фақир қилиб қўйма”, деб илтижо қилган.
“Тафсири Розий” асари асосида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Авазбек ЖУМАБОЕВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws