Лут алайҳиссаломнинг аёли
Лут алайҳиссалом – Аллоҳ азза ва жалла минглаб бандалари орасидан пайғамбарлик учун танлаб олган солиҳ инсон. Қуръони каримда 27 маротаба зикри келган Лут алайҳиссалом пайғамбарлар отаси саналган Иброҳим Халилуллоҳнинг жиянлари, акалари Ҳороннинг ўғли. Аввало амакиларининг динида эди: «Бас, Лут унга иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: “Албатта, мен Раббим (буюрган томон)га ҳижрат қилувчидирман. Албатта, Унинг ўзигина Қудратли ва Ҳикматлидир”» (Анкабут сураси, 26-оят).
Иброҳим алайҳиссалом ҳижрат қилганларида у зот билан аввал Мисрга, кейин Фаластинга ҳижрат қилдилар. Кейинроқ Ўлик денгизи ўрнидаги Садум шаҳри ва унинг атрофида яшайдиган халқларга пайғамбарлик учун танлаб олинди: «Лут ҳам, албатта, пайғамбарлардандир» (Соффот сураси, 133-оят). Бу зотнинг Қуръони каримда жуда кўплаб фазилатлари санаб ўтилган: ҳаёли, ишончли, шукр қилувчи, яхшиликни фақат Аллоҳ учун қилган, дуоси қабул бўладиган, Аллоҳ раҳматига эришган инсон эди. Ана шундай бир пайғамбарининг аёли эса умр йўлдошидан ўрнак олишдек бир йўл турганда бузғунчилик, гуноҳкорлик, ҳаддан ошишни танлади. Ҳеч бир қавм қилмаган гуноҳ ливота билан шуғулланаётган қавмга ёндошди. Лут алайҳиссаломнинг пайғамбарлик вазифаларидан бири қавмини ана шу қабиҳликдан қайтариш эди. Бироқ аёли ана шу золим жамоа тарафда бўлди. Шу сабабли бу қавмга юборилган азобни ҳам улар билан бирга тортди.
«Элчиларимиз (фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: “Албатта, бизлар мана шу (Садум номли) қишлоқ аҳлини ҳалок қилувчидирмиз. Чунки унинг аҳолиси золимдирлар”. (Иброҳим): “Ахир, у ерда Лут бор-ку?”, – деди. Улар айтдилар: «Биз у жойда ким борлигини билувчироқдирмиз. Албатта, бизлар уни (Лутни) ва аҳлини қутқарурмиз. Илло, унинг хотини (кофир бўлгани сабабли) қолувчи (ҳалок бўлувчи)лардандир» (Анкабут сураси, 31-32-оятлар).
«…Илло, унинг хотини (кофир бўлгани сабабли) қолувчи (ҳалок бўлувчи)лардандир», деган сўз нақадар аламли жумла, шундай эмасми?! Шунча пайт Аллоҳнинг энг солиҳ бандаси билан бир ёстиққа бош қўйган, фарзандларини дунёга келтириб, бирга умр кечирган йўлдоши азоб кўрувчилар сафида. Фаришталар Лут алайҳиссаломга хабар етказишди.
Лут алайҳиссалом уйларига кириб келган меҳмонларнинг фаришталар эканини аввал идрок қила олмадилар. Хушсурат инсонлар қиёфасида кириб келган бу меҳмонларга қавми ёмон кўз билан боқиб, уларга зарар бериши мумкинлиги ўйлаб, ҳавотирга тушдилар: «Элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолатга тушди ва улар туфайли юраги сиқилди. Улар дедилар: «Қўрқма ва ғам чекма! Албатта, бизлар сенга ва аҳлингга нажот берувчилардирмиз. Магар хотининг қолувчи (ҳалок бўлувчи)лардандир» (Анкабут сураси, 33-оят).
Бошқа бир ояти каримада бундай дейилади: «(Фаришталар) айтдилар: “Эй Лут! Биз Раббингнинг элчиларимиз. (Қавминг) сенга сира ета олмаслар (тега олмаслар). Бас, туннинг бир қисмида оилангни олиб кет! Сизлардан бирор киши ортига боқмасин! Хотинингни эса қўявер! Зеро, уларга етган нарса (азоб) унга ҳам етгусидир. Уларга ваъда қилинган вақт бомдод вақтидир. Бомдод яқин эмасми?!”» (Ҳуд сураси, 81-оят). Қавм тинмай азобни “Ростгўй бўлсанг, азобни келтир”, деб сўраган азоб вақти келди. Бу пайтда Лут алайҳиссалом оиласи билан шаҳарни тарк этишга амр этилди. “…Хотинингни эса қўявер! Зеро, уларга етган нарса (азоб) унга ҳам етгусидир…”.
Манбаларда Лут алайҳиссаломнинг аёли ҳақида атрофлича маълумот келтирилмайди. Фақат унинг тутган йўли ва бунинг натижасида олган жазоси эслатиб ўтилади: «Аллоҳ кофир бўлган кимсалар ҳақида Нуҳнинг хотини ва Лутнинг хотинини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банданинг (қўл) остида эдилар. Бас, у (аёл)лар уларга хиёнат қилдилар. (Нуҳ ва Лут) Аллоҳ(нинг азоби)дан бирор нарсани у иккисидан даф қила олмадилар. (Уларга): “Кирувчилар билан бирга дўзахга кирингиз!” дейилди» (Таҳрим сураси, 10-оят).
Лут алайҳиссаломнинг аёли мунофиқлик қилгани етмагандек, келган меҳмонлар ҳақида қавмига хабар берди. Бу ердаги “хиёнат”дан мунофиқлик, омонатга хиёнат қилиш тушунилади. Бир пайғамбарга қилинган энг кичик хиёнат ҳам куфр ҳисоблангани сабабли уларнинг ҳаракатлари иймонни эмас, куфрни танлаш сифатида баҳоланган. У завжасига қарши, кофир ва мушрикларга ёрдам бериб, Аллоҳнинг ғазабига учради. Бизларга ибрат учун Аллоҳнинг каломида ҳам зикр этилди.
Аллоҳ барчамизни бундай ёмон оқибатдан сақласин!
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws