“Мен кимман?”
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда)
Доктор Мустафо Маҳмуд “Шубҳадан иймон сари саёҳатим” китобининг “Тана” бобида инсоннинг асл моҳияти ҳақидаги фикрларини янада чуқурлаштириб, қуйидагиларни зикр қилади:
«Биз “Руҳ” деганда кўпинча сирли, тушунарсиз ва илмдан йироқ нарсани тасаввур қиламиз. Ваҳоланки, руҳ инсоннинг энг аниқ ҳақиқатидир.
Биз жасаднинг моддий эканини, унинг эни, бўйи ва оғирлиги борлигини биламиз. Руҳ эса бу ўлчовларга бўйсунмайди. Сиз ўз хаёлингизда бир сония ичида Марс сайёрасига бориб келишингиз мумкин. Бу тезликни қайси физика қонуни билан тушунтириш мумкин? Ҳеч қайси. Чунки руҳ замон ва макон занжирларидан озоддир.
Уйқу – руҳнинг жасаддан қисман озод бўлишига энг катта далилдир. Сиз ухлаётганингизда танангиз каравотда ҳаракатсиз ётади, лекин руҳингиз тушингизда бошқа шаҳарларда кезди, одамлар билан гаплашди, ҳатто келажакда содир бўладиган баъзи воқеаларни кўрди (содиқ тушлар).
Агар инсон фақат модда ва кимёвий реакциялардан иборат бўлса, ҳаракатсиз ётган жасад қандай қилиб бундай маълумотларни қабул қилиши мумкин? Демак, бизда жасаднинг кўзидан бошқа “кўрувчи”, қулоғидан бошқа “эшитувчи” ва миясидан бошқа “англовчи” бир қувват бор.
Илм-фан руҳни инкор қилишга уринди, лекин муваффақиятсизликка учради. Биологлар ҳужайрани ўрганишди, аммо “ҳаёт”- нинг ўзи нима эканини тушунтира олишмади. Улар тирик ҳужайрадаги барча кимёвий моддаларни йиғиб, сунъий ҳужайра ясашлари мумкин, лекин унга “жон” бера олишмайди.
Руҳ – бу Аллоҳнинг амри ва сиридир. У танага ҳаёт беради, лекин танадан келиб чиқмайди. У худди электр токига ўхшайди: чироқнинг ичида ток бор, лекин ток чироқ дегани эмас. Чироқ синса ҳам ток йўқолмайди, фақат ўзини намоён қиладиган воситани йўқотади.
Руҳнинг мавжудлигига яна бир далил – бу бизнинг танлаш эркинлигимиздир. Материалистик дунёқараш бўйича, инсон фақат ички инстинктлар ва ташқи муҳит таъсирида ҳаракат қилувчи “автомат”дир. Лекин биз инстинктларимизга қарши чиқа оламиз. Оч бўлсак-да, ўз таомимизни бошқага бера оламиз. Ўлимдан қўрқсак-да, ватан ёки иймон учун жонимизни фидо қила оламиз. Бундай олийжаноб туйғулар гўшт ва суякдан иборат жасаднинг маҳсули бўлиши мумкин эмас. Бу – руҳнинг нафасидир».
Мустафо Маҳмуд руҳни англашни Аллоҳни англашнинг калити деб билади. Унинг фикрича, ким ўзининг моддий танасидан устун бўлган ички “Мен”ини топса, у, албатта, ўз Холиқини ҳам топади.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws