Бугун юртимизда кўплаб ёшлар Жанубий Кореяга бориб ишлашни орзу қилади. Кимдир оиласини боқиш, кимдир уй қуриш, яна кимдир яхши ҳаёт излаб чет элга интилади. Бироқ ана шу орзу ва ишончдан ўз манфаати йўлида фойдаланаётган кимсалар ҳам топилмоқда.
Сўнгги кунларда Oʻzbekiston 24 ҳамда “Tezkor Yangiliklar” каби оммавий ахборот воситаларида Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупцион ва фирибгарлик схемалари фош этилгани ҳақида хабарлар тарқатилди.
Хабарларда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан ўтказилган текширувларда бир гуруҳ шахслар, ташқи меҳнат миграцияси соҳасига алоқадор айрим масъуллар ҳамда хусусий бандлик агентликлари ходимлари фуқароларни Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, катта миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда қўлга киритгани аниқланган.
Тергов материалларига кўра, 35 нафар фуқародан 263,5 минг АҚШ доллари олингани, расмий тўловлардан ташқари фирибгарлик йўли билан 7–12 минг доллардан йиғилиб, қарийб 90 миллион АҚШ доллари айлантирилгани қайд этилган. Шунингдек, 1000 нафардан ортиқ фуқарони Кореяга юбориш баҳонасида 5,6 миллион АҚШ доллари ва 45 миллиард сўм ноқонуний олингани маълум қилинган.
“Tezkor Yangiliklar” саҳифасида тарқатилган яна бир хабарда эса Сурхондарё вилоятида фуқароларни Кореяга жўнатишни ваъда қилган шахслар қўлга олингани айтилди. Манбада қайд этилишича, улар 6 та вилоятдан 63 нафар фуқаронинг ишончига кириб, жами 408 минг 800 АҚШ долларини қўлга киритган.
Бу ҳолатлар ортида юзлаб оилаларнинг армони ва алданган ишончи ётибди. Кимдир фарзандини чет элга юбориш учун йиллаб йиғган маблағини берган. Кимдир уйини гаровга қўйган, яна кимдир қарз кўтарган. Улар “ҳаётимиз ўзгаради”, деган умид билан ишонган эди. Аммо оқибатда на Кореяга кетиш насиб қилди, на берилган маблағ қайтди.
Энг ачинарлиси, бу каби фирибгарликлар инсоннинг энг нозик туйғуси – умиди орқали амалга оширилаётганидир. Бугун ижтимоий тармоқларда “Кореяга тез чиқарамиз”, “виза тайёр”, “имтиҳонсиз юборилади”, “юз фоиз кафолат” каби ёлғон ваъдалар тобора кўпаймоқда. Айримлар сохта шартномалар кўрсатса, бошқалар “танишлари” борлигини айтиб одамларни ишонтиришга уринади. Одамлар эса ишонади. Чунки уларнинг мақсади бир – ҳалол меҳнат қилиб оиласини боқиш.
Аслида эса Жанубий Кореяга ишга боришнинг қонуний ва расмий тартиблари мавжуд. Расмий имтиҳонлар, белгиланган талаблар ва давлат томонидан тасдиқланган жараёнлар бор. Қонуний йўл вақт ва сабр талаб қилади, аммо инсонни хавфдан асрайди. Ноқонуний “осон йўл” эса кўп ҳолатларда фирибгарлар домига етаклайди.
Бугун пул бериб алданиб қолган инсон фақат маблағидан айрилаётгани йўқ. Унинг вақти, меҳнати, ишончи ва келажакка бўлган умиди ҳам йўқолмоқда. Энг оғири, бундай ҳолатлар одамлар орасидаги ўзаро ишончни ҳам емириб бормоқда.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бизни алдаган кимса биздан эмас”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Шу боис бугунги воқеалар ҳар биримиз учун жиддий огоҳлантириш бўлиши керак. Чет элда ишлаш айб эмас, орзу қилиш айб эмас. Аммо ҳар қандай таклифни текшириш, фақат расмий манбаларга таяниш ва шошқалоқ қарор чиқармаслик зарур. Чунки фирибгарлар айнан инсоннинг ишонувчанлиги ва оғир вазиятидан фойдаланади.
Корея имкониятлар мамлакати бўлиши мумкин. Аммо у ерга олиб борадиган йўл фақат ҳалоллик, қонунийлик ва сабр орқали ўтиши керак. Бугун фош бўлган ҳолатлар эса барчамизга бир ҳақиқатни яна бир бор эслатди. Орзу инсонни юксалтириши ҳам мумкин, аммо ақл ва огоҳлик билан қўллаб-қувватланмаган орзу баъзан оғир пушаймонга айланиши мумкин.
Абдулазиз АЗИЗОВ
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws