Қиз болага эътибор
Ислом дини аёлга ўз ҳуқуқини қайтарди ва хотин-қизларни жоҳилият зулматидан, залолатидан ҳурриятга олиб чиқди. Яъни Расули акрам алайҳиссалом воситасида аёлга уни саодатга элтувчи ҳақ-ҳуқуқларини ва вазифаларини (мажбуриятларини) танитди. У зот алайҳиссалом шундай қавмга юборилдиларки, улар аёлларию қизларига буюк мусибатли, бахтсиз ҳаётни ваъда қилар эдилар. Бунинг акси ўлароқ, Пайғамбаримиз қизи бор кишиларга хушхабар бериб: “Кимнинг қизи бўлса ва уни тириклайин кўмиб ўлдирмаса, камситмаса ва ўғил фарзандини ундан устун қилмаса, Аллоҳ таоло уни жаннатга киргизади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Қиз боланинг ҳуқуқлари, аввало, отанинг зиммасидадир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалар билан суҳбатлашаётганларида бир бола чеккада ўтирган отасининг олдига келди. Отаси унинг бошини силаб, ўнг тиззасига ўтқизди. Бироздан кейин унинг қизи келди. Отаси унинг бошини силаб, ерга ўтқизди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қизингни бошқа оёғингга ўтқизмайсанми? Икковига тенг муомала қилмайсанми?” дедилар. Шунда ҳалиги киши қизини чап тиззасиига ўтқизди. Набий алайҳиссалом: “Энди адолат қилдинг”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким икки қизни балоғатга етгунларича боқиб, тарбияласа, қиёматда мен билан шундоқ ҳолда келади”, деб бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар (Имом Муслим ривояти).
Алимардон ХУШВАҚТОВ,
Тошкент шаҳридаги “Аҳмад Яссавий” жоме масжиди имом-хатиби
http://hidoyatuz.taplink.ws