“Уларга қўйиб беринг…”
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Агар инсонлар сиз билан дунё борасида мусобақалашсалар, уларга қўйиб беринг. Агар охират борасида мусобақалашсалар, сиз уларнинг пешқадами бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло яхши кўрган-яхши кўрмаган бандасига ҳам мол-дунё бераверади. Охиратни эса фақат яхши кўрган бандасига беради”.
* * *
Молик ибн Динор раҳимаҳуллоҳ деди: “Бир киши олимдан сўради:
– Қандай уй қурайин?
– Сени қуёш ва ёмғирдан тўсадиган бўлса, бас.
– Қанча овқат ейишим керак?
– Очликни кетказадиган даражада.
– Қандай кулишим мумкин?
– Юзинг ёришсин-у, овозинг эшитилмасин.
– Қанча йиғлашим лозим?
– Аллоҳдан қўрқиб кўз ёш тўкишдан асло малолланма.
– Амалимни қандай махфий қилайин?
– Одамлар сени бирорта яхши иш қилмайди, деб ўйласинлар.
– Амалимни қандай ошкора адо этайин?
– Солиҳ амалга ҳарис инсонлар ортингдан эргашадиган миқдорда”.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws