Қалб бўш бўлса, заҳар йўл топади
Танишимнинг қизи нуфузли университетда таҳсил оларди. Одобли, тартибли, келажаги порлоқ қизлардан эди. Аммо, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг гиёҳванд моддаларга мубтало бўлиб қолганини эшитдик.
Онасининг айтишича, бир куни дарсдан кейин курсдош қизлардан бири уни истироҳат боғига таклиф қилган. Кафеда салқин ичимлик ичишган. Ўша куни қизнинг боши айланиб, тоби қочади. Кейинчалик эса ўша жойга қайта-қайта боришни хоҳлайди.
Маълум бўлишича, ичимликка гиёҳванд модда қўшиб берилган. Уни чақириб берган “дугона” эса интернетдан топган ишини, яъни мижозлар топиб берувчи “агент” вазифасини бажарган. Қиз реабилитация марказида даволанмоқда. Она эса ўз вақтида қизининг юриш-туришига бефарқ бўлганидан қаттиқ афсусда.
Бу каби воқеалар тез-тез учраб туради. Бир онани биламан, олти ойдан бери ўғлини сунъий дорилардан чиқариш учун махсус марказда даволатяпти: аёл бошига ҳар ой 15 млн сўмдан тўлов қилади. Айтишича, ўша махсус марказда зиёли инсонларнинг фарзандларини, оилали эркак-аёлларни ҳам учратиш мумкин. Аксарияти ўзига тўқ оилалалардан.
Одатда тарбиясиз, назоратсиз ва кўча безориси бўлиб ўсган болалар охир-оқибат жиноятчилик, гиёҳвандлик каби боши берк кўчага кириб қолишади. Лекин психотроп моддаларга ружу қўяётган ҳозирги ёшлар ўқимишли, тартибли, намунали оилаларнинг болалари. Бундан кўринадики, бу ишлар мақсадли равишда амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда кенг тарқалаётган сунъий – таблетка, кукун ва электрон сигарет орқали қабул қилинадиган заҳарлар, таассуфки, ҳамёнбоплиги, яшириш осон ва “замонавий кайф” сифатида тарғиб қилинмоқда. Нарколог шифокорлар фикрича, сунъий таблеткалар инсон миясига ўта тез таъсир қилади. Оқибатда асаб тизими издан чиқади, тажовузкорлик кучаяди, тушкунлик ва қўрқув пайдо бўлади. Хотира сусайиб, инсон иродасиз бўлиб қолади.
Энг ачинарлиси, бу моддалар одамни оиласидан, илмдан, меҳнатдан ва ҳаётдан узоқлаштиради. Кечагина орзу-мақсад билан юрган йигит ёки қиз бир неча ой ичида одамови, асабий ва руҳан тушкун ҳолатга тушади.
Хўш, нега ёшлар бу йўлга кириб қоляпти? Бунинг сабаблари кўп, аммо энг муҳими, маънавий бўшлиқ! Қалб бўш, аниқ мақсад йўқ. Енгил ҳаётга ўрганиш уни олға интилишга ундамаяпти. Ҳаром ва гуноҳнинг нималигини англамаган ёки яшаш тарзи осонлашиб борганда, ота-она болага кўп нарсаларни муҳайё қилганида ёшлар енгил-елпи, қийналмасдан яшашга кўникади, интилиш сусаяди.
Ўсмирлар психологи Азамат Баҳриддинов айтади: “Кўпчилик ота-оналар ўсмирларни руҳий ҳолати ўзгарганда қабулимга олиб келишади. Шунда ўспиринлик давридаги психологик аҳволи билан гиёҳванд модда қабул қилган болани фарқловчи нозик нуқталарни аниқлаш шарт. Биргина суҳбат билан ташхис қўйиш мушкул, шунинг учун дарҳол наркология бўлимларига қон таҳлилига йўналтираман. Агар болада уйқу бузилиши, кўзлар қизариши, асабийлашиш, тоқатсизлик, ёлғон гапириш, пул сўрашнинг кўпайиши каби ҳолатлар кузатилаётган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Таъкидлаш жоизки, оилада отаона ва фарзанд орасида самимий мулоқот, меҳр етишмаслиги, бекорчилик, енгил ҳаётга қизиқиш, доимий руҳий босим, ичкиликка берилган ота, машҳурликка тақлид каби ҳаракатлар болани сунъий кайф берувчи дориларни татиб кўришга мойил қилади.
Интернет тармоқларида нималарни кўриши, кимлар билан ёзишиб-гаплашувини қатъий назорат қилиш шарт”. Фарзанд Аллоҳнинг омонати эканлигини ва қиёматда сўралишимизни англаган ҳолда, “Менинг болам бундай иш қилмайди” деган хотиржамлик фожиага сабаб бўлмасин. Ҳар куни фарзандларимиз билан суҳбатлар ўтказиб, ички ҳолатини, бекор дақиқаларида қандай ишлар билан бандлигини билайлик. Спорт, китоб, тил ўрганиш ва касб-ҳунар тўгаракларига йўналтириб, ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамиятда муҳим шахс сифатида шаклланишига ёрдам берайлик. Ва шубҳасиз, Аллоҳдан қўрқиш кераклигини, ҳалол-ҳаромни англатиб – қалбига иймон, ҳаё ва масъулият туйғусини сингдирайлик.
Нафиса ПАРДАЕВА
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан