Қуръон ва ҳадис ҳақида қамрови кенг асар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али Ҳаким Термизий (820–932) қаламига мансуб “Ал-Амсал минал Китаби вас-сунна” исломий фанлар сирасига кирувчи тасаввуфий тафсир ва ҳадислар шарҳига оид манба ҳисобланади. Муаллиф асарнинг ёзилиш сабабини қуйидагича баён қилади: “Сиз мендан масал-ўхшатишлар ва одамларга зарбулмасал қилиш ҳақида сўраган эдингиз…”
Ҳаким Термизийнинг мазкур гапидан асарнинг ёзилишига ўша даврдаги илм ихлосмандларининг зарбулмасал ва унинг мазмун-моҳияти ҳақидаги саволлари туртки бўлгани ойдинлашади. Кириш сўзининг давомида масал жанрининг Қуръони каримда ҳам келтирилгани, бу нарса тушуниш қийин ва номаълум бўлган воқеа-ҳодисаларни ҳаётий мисоллар орқали тушунтиришнинг энг самарали усули экани айтилади.
Асарда зарбулмасал шаклида келган ояти карималардан 36 та, ҳадиси шарифлардан 74 та, шунингдек, ҳукамоларнинг 116 та зарбулмасал ва ҳикматлари жой олган. Шунга кўра, асарнинг таркибий тузилмасини уч қисмга бўлиш мумкин:
– Қуръони каримдаги зарбулмасаллар;
– ҳадиси шариф ва хабарлардаги зарбулмасаллар;
– ҳаким-донишмандларнинг зарбулмасаллари.
Асар номида учинчи қисм акс этмаса-да, унинг аксарини донишмандлар зарбулмасаллари ташкил этади. Бу қисмда муаллиф олим ва машойихларнинг илмий тажрибалари асосида ояти карима ва ҳадиси шарифлардан англаган ҳақиқатларни ҳикматли сўз ва зарбулмасал шаклида ифода этган. Ҳаким Термизий уларни “фалончидан ривоят қилинган”, деб бирор устозига нисбат бермаган.
Профессор Муҳаммад Иброҳим Жуюший бу қисмдаги масаллар биргина Ҳаким Термизийнинг эмас, балки унинг машойихларига ҳам тегишли эканини таъкидлаган. Дарҳақиқат, ҳар бир олим Қуръони карим оятлари тафсири ва ҳадислар ҳикматларини муфассир ва муҳаддис устозларидан истифода этиши шубҳасиз.
Йигирманчи асрнинг сўнгги чорагидан шу кунга қадар “ал-Амсал” асарининг бешта замонавий нусхаси нашр қилинган.
Асардан қадимги уламолардан машҳур муфассир Имом Қуртубий ўзининг “ал-Жомиъ ли аҳкам ал-Қуръан” (Қуръон ҳукмлари тўплами) асарида иқтибос келтирган. Бу эса, Ҳаким Термизийнинг илмий мероси, айнан “ал-Амсал” китоби кейинги давр уламолари эътирофига сазовор бўлганини англатади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ушбу асарни том маънода Қуръон ва ҳадис илмларининг муҳим тармоғи бўлган зарбулмасалларнинг мазмун-моҳиятини ёритувчи илк манба деб баҳолаш мумкин.
Афсуски, Ҳаким Термизийнинг “ал-Амсал минал Китаби вас-сунна” асари бўйича бугунга қадар ўзбек тилида бирорта чуқур илмий тадқиқот олиб борилмаган. Асар тўлиқ ўзбек тилига ўгирилди.
Баҳодир АЪЗАМОВ,
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ўқитувчиси