Фаришталарнинг зикр мажлислари
Мен иш столимга ўтириб, ўйга толдим. Қоғозлар устида турган кичик нарсани кўрдим, у кунжут донасидай эди. Ўзимча фаррош столни яхши тозаламаган кўринади, деб ўйладим. Бармоқларимни узатиб, уни четга суриб ташлашга уриндим. Аммо ўша “кунжут донаси” ҳавога учди. Бу кичкинагина капалак экан. У тутмоқчилигимни билиб, учиб кетди. Қизиғи, мен унинг қанотларини ҳам кўра олмадим, уни кўз илғамасди. Ҳатто унинг боши, думи қаерда – буни ҳам ажратиш қийин. Унда ҳаёт учун зарур барча тизимлар мавжуд, аммо инсон уларни кўра олмайди.
Ўйладим: “Аммо унинг Яратувчиси уни кўради, озиқлантиради, сув бериб, яшаш учун зарур барча нарса билан таъминлайди!”
Шу митти капалакларни яратиб, парвоз қилдирган Зот осмонни ҳам бир зум бўлсада, назоратсиз қолдирмайди. У Зот фақат капалакларга эмас, балки сайёраларга ҳам учиш қобилиятини берган, уларга ўз меҳварлари атрофида айлантириб қўйган. Сайёралар ўз йўлидан оғишмайди ҳам, чалкашмайди ҳам. Аллоҳ таолонинг машғуллиги Уни бошқасидан чал ғитолмайди: “У (бир вақтнинг ўзида) ерга кириб борадиган ва у ердан чиқиб келадиган, осмондан тушадиган ва унга чиқиб кетадиган нарсаларни билади. У раҳмли ва мағфиратли Зотдир” (Сабаъ сураси, 2-оят).
Ўзимга ўзим савол бердим: “Нега мен бу капалак ҳақида бунча ўйладим?”
ОИТС вируси капалакдан етмиш минг марта кичик бўлсада, гуноҳкорларнинг танига кириб, уларни қувватсизлантиради. Буни даволашдан шифокорлар, илмфан ҳам ожиз.
Биз инсонлар Аллоҳнинг яратиш ҳикматини кузатиб, У Зотнинг сифатларини билишимиз зарур. Олдимиздаги, ортимиздаги, устимиздаги ва остимиздаги барча нарсаларнинг яратилиш сирларини ўрганишга муҳтожмиз. Агар биз бир-биримиз билан Аллоҳнинг яратиш қудрати ва Унинг асарлари ҳақида суҳбатлар қурсак, шу мажлисларда фаришталар қувонч билан иштирок этишади.
Ҳадиси қудсийда айтилишича, Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар Ер юзини кезиб, зикр аҳлини қидиришади. Агар Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўрсалар, бир-бирларига: “Келинглар, сизлар қидирганлар бу ерда!” дейдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:
“Фаришталар уларни ўз қанотлари билан осмонгача ўраб оладилар. Аллоҳ таоло фаришталардан сўрайди (ҳолбуки, У ҳаммасини яхши билгани ҳолда):
– Бандаларим нима дейишмоқда?
Фаришталар:
– Тасбеҳ айтиб, Сени улуғлашмоқда. Ҳамд айтиб, Сени буюк деб билмоқдалар, – деб жавоб беришади.
Аллоҳ таоло сўрайди:
– Мени кўрганмилар?
Фаришталар айтишади:
– Йўқ, улар Сени кўрган эмаслар.
Аллоҳ таоло айтади:
– Агар мени кўрсалар, нима қиладилар?
Фаришталар айтишади:
– Агар Сени кўрсалар, улар янада кучлироқ ибодат қилишар, Сени янада кўпроқ улуғлашар, янада кўпроқ ҳамд айтишар ва янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди…” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳни яқиндан таниш учун тафаккур қилиш ибодатларнинг энг аълоси ва асосий кўринишидир. Қуръонда бундай дейилади: «(Улар) Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида ҳам зикр қилишади ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилишади: “Эй Парвардигоримиз, Сен бу (осмонлару Ерни) беҳуда яратган эмассан. Сени (бундай нуқсонлардан) пок деб билдик. Бизларни дўзах азобидан сақла”, деб дуо қилишади» (Оли Имрон сураси, 191-оят).
Зикр бу – онг ва ақлнинг жиддий вазифаси, у кишини ердан осмонга кўтаради. Ҳозирги замон кишилари икки тоифага бўлинади: бир тоифаси Аллоҳни тан олмайдиган атеистлар, улар бир куни Аллоҳ билан рўбарў бўлишларига ҳам ишонмайдилар. Иккинчи тоифаси эса Аллоҳни зикр қилишни билмайдиган ва буни ўзгаларга ўргата олмайдиган мусулмонлардир. Улар Аллоҳни танийдилар, аммо бу таниш фақат юзакилигидан улар қалбларини поклашга ва тарбияларини тўғрилашга эриша олмаяпти…
Шайх Муҳаммад ҒАЗЗОЛИЙ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан