Тупроқнинг тебранишлари
Исломободда илмий мўъжизаларга бағишлаб ўтказилган I конференцияда бир ўсимликшунос олим тақдимот қилди ва бундай деди: «Қуръони каримдаги бизга ҳозиргина маълум бўлган бир ҳақиқат ҳақида хабар беради: “Ерни қўриқ ҳолида кўрасиз. Бас, қачонки, Биз унинг устидан (ёмғир) ёғдирсак, у ҳаракатга келиб кўпчир ва турли гўзал жуфтларни (икки жинсли гиёҳларни) ундирур” (Ҳаж сураси, 5-оят).
1827 йилда Браун исмли инглиз олими ёмғир суви тупроққа тушганида тебранишлар ҳосил қилишини кашф этди. Бу эса тупроқ заррачаларининг ҳаракатланишига сабаб бўлади. Тупроқ заррачалари жуда кичик бўлиб, уларнинг энг каттасининг диаметри тахминан 0,002 мм.га тенг. Бу заррачалар турли минераллардан ташкил топган қатламлардан иборат бўлиб, улар бир-бирининг устига жойлашган пластинкаларга ўхшайди. Ёмғир ёғганда эса бу қатламлар орасида турли электр зарядлари пайдо бўлади, чунки минерал қазилмалар турличадир. Шунда ионлашиш жараёни юз беради (яъни атомлар ионларга айланади). Агар атомда электронлар сони камайса, у мусбат ионга айланади, кўпайса – манфий ионга айланади. Натижада бу заррачалар титрай бошлайди.
Сувнинг турли томонлардан ўша майда зарралар ичига кириши натижасида уларда тебраниш ҳосил бўлади. Бу тебранишнинг жуда катта фойдаси бор, чунки заррачаларнинг қатламлари бир-бирига ёпишган ҳолатда бўлади. Тебраниш эса сувнинг ўша қатламлар орасига кириши учун имконият яратади. Сув қатламлар орасига киргач, бу заррачалар ўсади ва ривожланади.
Агар сув қатламлар орасига кирмаса, ўсимликлар қуриб қолган бўлар эди. Лекин бу тебранишлар туфайли сув тупроқ ичида сақланиб қолади. Яъни сув бу қатламлар орасига кириб, у ерда захира ҳосил қилади.
Шу тариқа тупроқ гўё сув омборига айланади. Ўсимликлар эса шу захирадан икки-уч ой давомида фойдаланиши мумкин. Агар бу захира бўлмаса, сув ерга сингиб кетиб, ўсимликлар бир ҳафта ичида нобуд бўлар эди. (Бу кашфиёт “Браун тебранишлари” деб номланган). Шу тарзда тупроқ ҳаёт учун зарур бўлган сувни ўзида сақлайди. Уруғлар сувни шимиб, униб чиқади. Илдизлар ерга чуқур кириб, кейин ер юзида ўсимлик пайдо бўлади ва мевалар беради. Бу жараёнларнинг барчаси мукаммал тартиб билан яратилган.
Бу – ҳар бир нарсани пухта яратган Аллоҳ таолонинг буюк санъатидир. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг раҳмати (ёмғири) асоратларига боқинг – ерни «ўлгани»дан кейин қандай қилиб уни «тирилтиради». Албатта, У (Аллоҳ) ўликларни тирилтирувчи ва У ҳар нарсага қодир Зотдир” (Рум сураси, 50-оят).
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 11-сонидан