Мадинада Қуръони каримни чоп этиш мажмуасида 250 дан ортиқ замонавий ускуна ишламоқда
Мадинаи мунавварадаги Малик Фаҳд номли “Қуръони каримни чоп этиш” мажмуасида Қуръони каримни юқори сифат ва аниқликда чоп этишга хизмат қилаётган 250 дан ортиқ замонавий босма машина ва ишлаб чиқариш ускуналари фаолият олиб бормоқда.
Мажмуада «веб» ва «рақамли» технологияларга асосланган энг замонавий босма тизимлари ишлайди. Айрим машиналар бир соатда 5500 дан ортиқ Қуръони карим нусхасини чоп этиш имкониятига эга.
Мажмуадаги энг йирик ускуналар қаторига “Kompacta” ва “Rotoman” русумли учта босма машинаси киради. Ҳар бир машина 31 870 соатдан ортиқ ишлаган бўлиб, уларнинг ҳар бири 800 миллиондан зиёд босма блоки ишлаб чиқарган.
Мажмуада Қуръони каримни тайёрлаш жараёни саҳифаларни босмага тайёрлашдан тортиб, чоп этиш, муқовалаш, якуний безак, текширув ва сифат назоратигача бўлган барча босқичларни қамраб олади.
Мазкур фаолият Саудия Арабистонининг Қуръони каримни чоп этиш ва дунё бўйлаб тарқатишга қаратаётган эътибори доирасида амалга оширилмоқда.
Мажмуада Қуръони карим турли тилларда ҳам нашр этилади.
И.Аҳмедов