Миннат савобни зое қилади
Динимиз инсонлар ўртасида меҳроқибат, аҳиллик мустаҳкам бўлиши учун кўплаб иллатлардан қайтаради. Шулардан бири миннатдир. Киши бирор яқини, қўшниси ёки бева-бечора, етимларга яхшилик қилади. Аммо вақти келганда билиб-билмай бу ишини миннат қилиб қўйиши мумкин. Бу билан ҳовучлаб йиқ қан савобини зое қилади.
Қуръони каримда: “Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, кишиларга риё учун молини нафақа қилганга ўхшаб, бекорга кетказманг”, дейилади (Бақара сураси, 264- оят).
Яна бир оятда: “Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигорларидан мукофот бордир”, дея марҳамат қилинади (Бақара сураси, 262-оят).
Демак, миннат қилмайдиган кишига Аллоҳ таоло мукофот ваъда қилмоқда. Мазкур оят тафсирида бундай дейилади: “Аллоҳ йўлида сарфланган молнинг савобини тўлиқ олишнинг шарти ҳам бор, у ҳам бўлса, мол сарфловчи миннат қилмаслиги ва молни олганларга озор бермаслиги керак. Миннат қилиш ёмон одат бўлиб, инсон қалбида оғир яра қолдиради. Берганини миннат қилган кишининг мақсади манманлик, бошқаларни менсимаслик, ўзини кўрсатиш, одамлар ўртасида обрў қозонишдир. Миннат қилиш туфайли мол сарфлаган киши молни олувчига озор етказади. Одамлар орасида унинг обрўсини тўкади. Инсоний қадр-қимматини пастлатади. Ҳолбуки, Исломда мол-мулкни сарфлаб, садақага тарғиб қилишдан мақсад камбағалларнинг кўнглини кўтариш, уларни хурсанд этиш, бой биродарлари уларни ҳурмат қилишини сездиришдир”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бу иллатдан огоҳлантириб: “Уч киши борки, Аллоҳ таоло уларга Қиёмат куни гапирмайди ҳам, қарамайди ҳам, уларни (гуноҳлардан) покламайди ҳам ва уларга аламли азоб бўлади. Улар – берганини миннат қилувчи, изорини (кийимини кибр билан) судраб юрувчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кишилардир”, деганлар (Имом Аҳмад “Муснад” китобида ривоят қилган).
Бугун юртимизда саховатпеша инсонлар кўплаб топилади. Уларнинг орасида қилган хайрияларини оммага реклама қилаётганлари ҳам, ҳеч кимга билдирмайдиганлари ҳам бор. Гоҳида ижтимоий тармоқлар ёки телевизорда муҳтож, ногирон ёки етимларга хайрия улашаётган кишиларга кўзимиз тушади. Эҳтиёжманд инсон видео ва фототасвирлардан қочса, эҳсон соҳиби ҳадяси билан суратга тушади. Олувчи киши ҳам минг хижолатда қўл чўзади. Бу билан сахий киши бошқалар мен каби бўлсин дея, эзгу ниятда хайрия қилаётган бўлса, савоб ёзилар. Аммо оммага ўзини кўрсатиш ёки риё учун бўлса, гуноҳкор бўлади.
Бугун юртимизда обод маърифат масканлари кўпайиб бораётир. Уларнинг замонавийлик касб этишида сахий инсонларнинг ҳиссаси катта. Аммо баъзида улуш қўшганлар ўз ёрдамларини миннат қилаётганига гувоҳ бўламиз. Ачинарлиси, баъзилар қурилишга моддий кўмак берадилару, битгандан сўнг бинони гўё ўзиники қилиб олиб, барча ишларига аралашиб, “менинг айтганим бўлади” дея оёқ тираб туриб олади. Бу иши билан гуноҳга ботаётганини ўйлаб ҳам кўрмайди.
Хайру саховатни чин ихлос билан Аллоҳ розилиги учун қилайлик. Унга зарра миннат аралашса, зое бўлишини ёддан чиқармайлик.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ри воят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ етти тоифа кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда соясига олур”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Шулардан бири садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли берганини сезмай қолган киши эканини таъкидлаган. Шундай бандалар қаторидан жой олишга ҳаракат қилайлик.
Муҳаммаджон ҒОИБОВ,
Сирдарё тумани “Бахт” жоме масжиди имом-хатиби
(Б.Муҳаммадиев уюштирди.)
http://hidoyatuz.taplink.ws