Мақолалар

«Қалам кўтарилган уч тоифа»

Чоп этилди Dekabr 28, 2018 No Comments

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч (тоифа)дан қалам кўтарилган. (Булар:) Ухлаётган одамдан то тургунича, ақл-ҳушини йўқотгандан то тузалгунича, ёш боладан то катта бўлгунича”, деганлар (Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Бу ердаги “қалам кўтарилиши” мукаллаф эмасликни билдиради. Яъни, ухлаб ётган одам, мажнун, ёш бола қилган ёки тарк этган ишига масъул эмас. Қачон уйқудан уйғонса, ақл-ҳуши жойига келса, ёш бола балоғатга етса, шунда қилмишига гуноҳ ёзилади, шариат талаб этган амалларни бажариши вожиб бўлади.

Ёш бола балоғатга етганидан кейин (агар оқил, яъни, ақл-ҳуши жойида бўлса,) фарз, вожиб амалларни бажариши (масалан, кунда беш маҳал намоз ўқиши, рамазон ойи рўзасини тутиши, ҳаж қилиш), ҳаром ишлардан сақланиши шарт. Балоғатга етса, қилган савобли амаллари ҳам, гуноҳлари ҳам ўзининг номаи аъмолига ёзилади, содир этган ишига ўзи жавоб беради, унга нисбатан шаръий жазо қўлланиши мумкин. Унгача мукаллаф эмас. Балоғатга етмасидан аввал ҳам бирон ножўя иш қилиб қўйса, адаб бериш мақсадида енгил тарзда тергаб қўйилади.

Бола балоғатга етмасидан аввал уни солиҳ амалларга ундаш, ҳаром ишлардан тийилишга чақириш, “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимаси айтишни, турли дуоларни, зикрларни ўргатиш, Қуръон ёдлатиш мумкин. Шунда бола ёшлигидан исломий одоб-ахлоқни ўрганади, ибодатларни бажаришга, ёмон ишлардан сақланишга кўникма ҳосил қилади.

“Ислом ақидаси” китобидан

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan