Маҳсулотларни саралаб олишнинг ҳукми
Бугунги кунда кўпчилик супермаркет ва бозорлардан мева-сабзавотларни харид қилишда маҳсулотлар орасидан энг яхши, тоза, пишган ва янгиларини саралаб олади. Шариат нуқтаи назаридан шу иш жоизми?
Исломда савдо-сотиқ ҳалоллик, адолат, бир-бирига зулм қилмаслик ва энг муҳими, ўзаро розилик асосида бўлиши лозим. Қуръони каримда бундай дейилади:
«Эй иймон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно» (Нисо сураси, 29-оят);
«(Яна) айтинг: “Раббим адолатли бўлишга буюрган”» (Аъроф сураси, 29-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар:
«Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ» (Имом Ибн Можа ривояти).
Амр ибн Ясрибий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса:
«Мусулмон кишининг кўнгилдан чиқариб бермаган моли ҳалол бўлмайди» (Имом Ҳоким ривояти), дейилади.
Мева-сабзавотларни саралаб олишнинг ҳукми ҳам ана шу асос ва мезонлардан келиб чиқади.
Маҳсулотларнинг сараларини танлаб олишга сотувчи рухсат бермаса ёки норози бўлса ёхуд бу иш маҳсулотлар сифатига салбий таъсир кўрсатса, шаръан жоиз эмас. Шунингдек, сотувчи танлаб олишга иложсизликдан рухсат бераётган бўлса, яхшиларини танлаб олиш мусулмон ахлоқига тўғри келмайди.
Аммо сотувчи бунга рухсат берса, харидорнинг саралаб олаётганини кузата туриб ҳам эътироз билдирмаса, у ҳолда шариат бунга рухсат беради. Фақат бу ҳолатда харидор маҳсулотга эҳтиёт бўлиши, қолган маҳсулотларга зиён етказмасилиги, бошқа харидорларга халақит қилмаслиги керак.
Харидор маҳсулотни татиб кўриши жоизми?
Харидор сотиб олмоқчи бўлган мева ёки бирор егуликдан сотувчининг рухсати билан татиб кўриши дуруст. Агар сотувчи бунга рухсат бермаса ёки бундан сотувчи зарар кўрса, изнсиз ундан истеъмол қилиб бўлмайди.
Асл қоида шуки, бозорда сотилаётган нарса сотувчининг мулкидир. Шундай экан, бировнинг рухсатисиз, унинг мулкидан олиш (ейиш) жоиз эмас.
Аммо бозорларда сотувчилар харидорлар еб кўриши учун олма ёки нок каби меваларни кесиб-бўлаклаб қўйган бўлади. Бу ҳолат урфга кирган ва ундан олиб еган кишидан ҳеч ким норози бўлмайди. Шунда ўша маҳсулотдан сотиб олмоқчи бўлган киши рухсатсиз татиб кўриши мумкин. Агар ўша мева ёки маҳсулотларни харид қилиш мақсади бўлмаса, ундан рухсатсиз татиб кўриб бўлмайди.
Ўламоларимиз ишлаб чиққан фиқҳий қоидалардан бирида: «Одат – ҳакам қилингандир», дейилган («ал-Ашбоҳ ван-назоир» китоби). Яъни шаръий далилларга зид келмайдиган урф-одат ҳалол-ҳаром, ҳақ-ҳуқуқ масалаларида ҳакам бўлади ва шу урфга кўра амал қилиш дуруст бўлади.
Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бу каби масалаларда жорий урфга ҳам қаралади: агар урфда сотувчининг розилигисиз маҳсулот таъмини татиб кўриш жорий бўлган ва одатда сотувчи бундан зарар кўрмайдиган бўлса, ундан татиб кўриш дуруст. Акс ҳолда, жоиз эмас.
Мурод УМАРХЎЖАЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази мутахассиси
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws