Гуноҳкорни эмас, гуноҳни ёмон кўринг
Кунларнинг бирида ўғри бозорда ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг салласини ўғирлаб қочиб кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу буни пайқаб, унинг орқасидан югуриб: “Мен бу саллани сенга бердим. “Қабул қилдим”, деб айтгин, токи дўзах олови сенга тегмасин”, дедилар.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўғирланган салла ҳақида эмас, балки ўша инсоннинг охирати ҳақида қайғурдилар. У зотнинг қалбида ғазаб эмас, раҳм-шафқат ва Аллоҳдан қўрқиш устун эди. Ўз ҳақларини талаб қилишдан кўра, бир инсонни гуноҳ оқибатидан асраб қолишни афзал билдилар. Ўғрининг айбини кўриб уни хорламадилар, аксинча, унга нажот эшигини очишга ҳаракат қилдилар.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу Шомда қози бўлиб турган вақтида одамларнинг бир гуноҳкорни ҳақорат қилаётганларини эшитди. Шунда улардан:
— Агар бир киши қудуққа тушиб кетганини кўрсангиз, нима қилар эдингиз? — деб сўради.
— Унга арқон ташлаб, чиқаришга ҳаракат қилардик, — деб жавоб беришди.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу:
— Унда нега гуноҳ қудуғига тушган инсонга ҳам нажот арқонини ташламайсиз? — дедилар.
Одамлар:
— Демак, сиз унинг қилмишини ёқлайсизми? — деб сўрашди.
У киши эса:
— Йўқ. Мен гуноҳкорга эмас, унинг гуноҳига душманман, — деб жавоб бердилар.
Аллоҳ таоло чин дилдан тавба қилган бандаларини нафақат мағфират этади, балки уларнинг гуноҳларини савобга айлантиради:
“Магар ким тавба қилса, иймон келтирса ва солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли Зотдир” (Фурқон сураси, 70-оят).
Раҳм-шафқатдан бебаҳра инсон, аввало, ўзига зулм қилади. Аллоҳнинг раҳматига эришган кишилар эса барча мавжудотга меҳр билан муносабатда бўладилар. Улар гўё тиканлар ичида ҳам ифор таратадиган гул кабидир. Мавлоно Жалолиддин Румий раҳимаҳуллоҳ айтганларидек:
“Ой қоронғи тунга сабр қилгани учун кечаларни ёритувчи тўлин. ойдин ойга айланди.
Тиканнинг дўстлигига бардош бериб, чиройли сабр қилгани учун гулга хушбўй ифор ва нафис ранг насиб қилди.
Бир-бирингиздан ўпкалаб, ранжиш учун баҳоналар ўрнига, меҳрли бўлиш учун чоралар қидиринг”.
Ой қоронғуликдан қочмагани учун порлайди. Гул тиканлар орасида ўсгани учун ҳам ўзининг гўзаллиги ва ифорини сақлайди. Демак, инсон ҳам муҳитнинг ёмонлигига эргашмасдан, эзгулиги билан атрофини гўзал қилиши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки бир-бирингизга раҳм қилмагунингизча жаннатга кирмайсиз”, дедилар.
Саҳобалар розияллоҳу анҳум:
— Ё Расулуллоҳ, биз бир-биримизга раҳм қиламиз-ку, — деганларида, у зот алайҳиссалом:
“Мен фақат бир-бирингизга эмас, балки барча махлуқотга раҳм қилишни назарда тутяпман”, — дедилар (Имом Абу Яъло Мавсилий. “Муснад”. 4258; Имом Марвазий. “Завоидуз-Зуҳд”. Ж. 1. – Б. 352).
Баъзан бир оғиз ширин сўз ёки кичик яхшилик инсоннинг бутун ҳаётини ўзгартириши мумкин. Гуноҳ ботқоғига ботган инсонга нажот қўлини чўзиш – савоби улуғ амаллардан бири. Кимнингдир хатосини кўрганимизда унга нафрат эмас, раҳм-шафқат ва ислоҳ нияти билан ёндашсак, Аллоҳнинг раҳматига яқинлашамиз. Зеро, ҳар бир қалб нурга муҳтож. Балки бугун бошқа бировга ташлаган нажот арқонимиз эртага ўзимиз учун керак бўлиб қолар.
Шунинг учун гуноҳкорни эмас, гуноҳни ёмон кўрайлик. Зеро, Аллоҳ таоло раҳмдил бандаларини севади. Раҳм-шафқат эса заифлик эмас, балки мўмин қалбининг энг юксак фазилатларидан биридир.
Даврон НУРМУҲАММАД