Ахлоқи гўзал фарзанд
Халқимизда “Бўладиган бола – бошидан”, деган мақол бор. Дарҳақиқат, ёш чемпионларни кўриб кўзимиз қувнайди. Халқаро фан олимпиадаларида мактаб ўқувчилари юқори ўринларни эгаллашмоқда. Минглаб ёшлар ва ўсмирлар чет тиллардан халқаро сертификатларга эга бўляпти. Ёшларнинг инновацион лойиҳаларидан ҳайратланамиз. Ота-онанинг саъй-ҳаракатлари билан ҳофизи Қуръон бўлаётган болалар, ҳадис билимдони бўлган ўсмирларни кўриб ҳавасимиз келади. Бу ютуқлар ўз-ўзидан бўлмагани, ота-онанинг сабри, вақти ва меҳри натижаси эканини ҳамма ҳам билавермайди. Фарзанди билан шуғулланаётган ота-оналардан Аллоҳ рози бўлсин. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кучли мўмин Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуброқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Афсуски, фарзанд тарбиясида лоқайд бўлган оилалар, ўз ҳолига ташлаб қўйилган болалар бор. Жинояти сабаб айни навқирон даврини хазон қилган, турли иллатларга берилиб, саломатлигига зиён етказаётган, ахлоқи тобора ёмонлашиб бораётган болалар носоғлом муҳит натижасидир.
Қиз кўп вақтини она билан, ўғил эса ота билан ўтказиши зарур. Бу мувозанат бузилиши сабабидан бугун ўғил болаларга шиддату шахд етишмайди, қизларимизга эса – ҳаё. Оилалар билан ишлаганимизда ота ёки онанинг ёхуд ҳар иккисининг ҳам хорижда пул топаётганини, болалар қариндошлари қўлида катта бўлаётганига гувоҳмиз. Ўзгалар болани ўз ихтиёрига ташлаши ёки қаттиққўллик қилиб тарбиясини янаям бузиши мумкин. Натижада ишлаб келган ота-оналар “Мен сен учун ишлаяпман” дея фарзандининг муносабатидан хафа бўлишади. Болага эътибор, меҳр керак, топаётган пулингизнинг унга аҳамияти йўқ. Ундан кўра меҳрингиз билан қаноатни ўргатганингиз маъқул эмасми?
Абу Али ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида бундай деган: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, турмуш тарзи намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст тутинади”.
Абдурауф Фитрат: “Ахлоқи гўзал фарзанд Аллоҳнинг неъматидир. Баъзи феълу атвор туғма бўлса-да, кўпинча у кейинчалик шаклланади”, дейди. Бироқ болани ахлоқли қилишга сабр талаб этилади. Афсуски, боласи билан бирга яшаб ҳам “бегоналашган” ота-оналар бор. Сабаби, улар фарзандини эшитишни, у билан вақт ўтказишни истамайди. Уларни зарарли ёки фойдасиз нарсалар билан банд қилишяпти… Кўпинча телефон ёки телевизор кўриб тарбия топмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти). Фарзандларимизни иймон-эътиқодли, одобли, билимли, элу юртимизга манфаати тегадиган инсонлар бўлишини истасак, аввало, ўзимизни ислоҳ қилайлик. Уларга ўрнак бўлишимиз, тарбия борасидаги оят ва ҳадисларга амал қилишимиз, уларнинг солиҳ ва солиҳа бўлишларига хизмат қилади. Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни тўғри тарбиялашни насиб этсин!
Гулчеҳра МАВЛОНОВА,
Шаҳрисабз шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар бўйича ёрдамчиси
http://hidoyatuz.taplink.ws