Мисрда хорижлик талабалар ўртасида Қуръон каримни ёддан ўқиб бериш бўйича VII танлов ўтказилади
Мисрдаги “Ал-Азҳар” университети ҳамда мамлакатдаги бошқа олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижлик талабалар ўртасида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш бўйича VII танлов шу йилнинг 14–16 сентябрь кунлари ўтказилади.
“Ал-Аҳром” нашри хабар беришича, мазкур танлов Миср Араб республикаси Ислом ишлари бўйича Олий кенгаш томонидан ташкил этилади. Уч кун давом этадиган мусобақа Қоҳира шаҳридаги Кенгаш қароргоҳида тасдиқланган дастур асосида бўлиб ўтади.
Ушбу танлов хорижлик талабаларни қўллаб-қувватлаш, Қуръони каримни ёдлашни кенг тарғиб қилиш, бағрикенг ва мўътадил ислом ғояларини ёйиш, шунингдек, талабаларнинг Қуръон билан боғлиқлигини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилади.
Мусобақа 3 йўналишда ўтказилади: биринчи йўналиш Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш, иккинчи йўналиш Қуръони каримнинг 15 порасини ёддан ўқиб бериш ва учинчи йўналиш Қуръони каримнинг чорак қисмини ёддан ўқиб беришдан иборатдир.
Хабар берилишича мазкур мусобақа ғолибларига қимматбаҳо пул мукофотлари билан бир қаторда, Миср Ислом ишлари бўйича Олий кенгаши томонидан нашр этилган илмий-адабий китоблар тўплами ҳам топширилади.
Шунингдек, Қуръони каримни тўлиқ ёддан ўқиб бериш йўналишида ғолиб бўлган иштирокчилар Миср Вақфлар вазирлиги томонидан ташкил этиладиган Қуръон тиловати бўйича XXXIII халқаро танловда иштирок этиш учун номзод сифатида тавсия этилади.
Ташкилотчиларга кўра, мазкур танлов хорижлик талабаларнинг Қуръони каримни ёдлаш ва уни чуқур англашга бўлган қизиқишини рағбатлантириш билан бирга, Қуръони карим таълимотларини кундалик ҳаётда қўллашга ундашга ҳам хизмат қилади.
Илёсхон Аҳмедов таржимаси.