Эзгуликка чорловчи нашрларга бағишланган самимий мулоқотлар
16 сентябрь куни “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи бош муҳаррири Абдужалил Хўжам ҳамда Даврий нашрлар бўлими мудири Иброҳимжон Иномов Бухоро вилоятида хизмат сафарида бўлдилар.
Хизмат сафари давомида воҳанинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва отинойилар билан самимий суҳбатлар, мазмунли ва илиқ мулоқотлар ўтказилди.
Учрашувларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг маънавий-маърифий нашрлари – “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг бугунги кундаги аҳамияти хусусида атрофлича фикр алмашилди. Йил давомида мазкур нашрларда эълон қилинган мақолалар, уларда кўтарилган долзарб мавзулар ва ўқувчилар учун аҳамиятли жиҳатлар юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Зеро, мазкур нашрларда динимизнинг эзгулик, бағрикенглик, маърифат ва одоб-ахлоққа чорловчи ғоялари, оила ва жамият ҳаётига оид муҳим масалалар мунтазам ёритиб борилади. Шу боис уларни кенг тарғиб этиш, мутолаа доирасини янада кенгайтириш муҳим вазифалардан бири экани таъкидланди.
Мулоқотларда, шунингдек, 2027 йил учун “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газетасига обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Обуна жараёнини самарали йўлга қўйиш, нашрларга қизиқишни янада ошириш ҳамда уларни кенг китобхонлар оммасига етказиш борасида фикрлар ўртага ташланди.

Учрашувлар давомида 2026 йилги обуна жараёнида фаол иштирок этган, диний-маърифий нашрларнинг кенг тарқалишига муносиб ҳисса қўшган масжид имомлари, туманлар бош имом-хатиблари ва отинойиларнинг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбирлар якунида фаоллик кўрсатганларга нашриётнинг махсус совғалари топширилди.
Самимий суҳбатлар, эзгу ниятлар ва хайрли тилаклар билан якунланган учрашувларда 2027 йилги обуна мавсуми янада файзли ва баракали бўлиши, маънавий-маърифий нашрларнинг муштарийлари сафини янада кенгайтиришини сўраб дуолар қилинди.
Дарҳақиқат, Маърифатга етакловчи сўз, эзгуликка чорловчи нашр ва унинг содиқ муштарийлари – маънавий тараққиётнинг муҳим таянчидир.
