Набий алайҳиссаломнинг йўлдоши
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Исломни қандай қабул қилганини бундай изоҳлайди: “Одамлардан узоқда, саҳроларда, подаларим орқасида умримни ўтказдим. Маккада янги дин ва сўнгги Пайғамбар чиққанини эшитдим. Кўп ўтмай у зотнинг Мадинага ҳижрат қилганларининг хушхабарини олдим. Мен ҳам подаларимни ташлаб, Мадинага йўл олдим, ҳузурларига бордим ва: “Ё Расулуллоҳ! Сизга байъат қилмоқчиман”, дедим. Набий алайҳиссалом: “Сен кимсан?” дедилар. Мен: “Уқба ибн Омир Жуҳанийман”, дедим. Менга: “Сенингча, қай бири яхшироқ? Бадавийлик байъатими ёки ҳижрат байъатими?” дедилар. Мен: “Ҳижрат байъатини қилмоқчиман”, дедим. Байъат бериб, муҳожирлар билан бирга бир кеча қолиб, эртасига подамнинг ёнига қайтдим”.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳунинг қалбига Ислом нури кирган эди. Аммо у нозил бўлаётган янги ваҳийлардан хабарсиз қолаётган эди. Ўзининг таъбири билан айтганда: “Биз 12 нафар биродар эдик. Подаларимизни ўтлатиш учун Мадинадан узоқда юрардик. Дўстларим билан: “Янги келган ваҳийлардан бохабар бўлиш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суҳбатида бўлиш учун ҳар куни биримиз Мадинага борсак, унинг подасига шу ерда қолганлар қараса,” деб келишиб олдик. Мен подаларни ташлаб кетишдан қўрқардим. Сизлар бораверинглар, мен подангизга қараб тураман. Келганингизда эшитганларингиз ва ўрганганларингизни сиздан эшитаман”, дедим. Бир муддат шундай бўлди. Кейин эса суюкли Пайғамбаримизнинг юзларини кўра олмаслик, ҳузурларида бўла олмаслик жонимга тегди ва ўз-ўзимга дедим: “Шўринг қурсин! Сен бу подалар сабаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан суҳбатлашишдан воз кечяпсанми? Келган ваҳийни тўғридан-тўғри у зотнинг оғзидан эшитиш, воситачисиз у зотдан олишдан шу қўйлар сени тўхтатяптими?” дедим. Ғафлатдан уйғониб, ўзимга келдим ва қўйларни қолдириб, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ёнларида бўлиш мақсадида Мадинага келдим.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга соядек эргашди. У зотнинг хизматларини қилиш унинг учун бир завққа айланди. Набий алайҳиссалом ҳам Уқба розияллоҳу анҳуни кўпинча ёнларига олардилар. Шу сабабли унга “Расулуллоҳнинг йўлдоши” деган ном берилди.
Уқба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Уқба! Ҳеч ўхшаши бўлмаган икки сурани сенга ўргатайми?” дедилар. Мен: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дедим. Шундан сўнг у зот менга Фалақ ва Нос сураларини ўргатдилар. Намоз вақти кирганида имом бўлиб, ушбу икки сурани замсура қилиб намоз ўқидилар. Кейин: “Эй Уқба! Бу сураларни доимо ухлашдан олдин ўқиб юр!” дедилар.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Аллоҳ Ҳабибига яқин бўлиш, у зотнинг хизматларини қилишнинг баракотини ўз ҳаётида кўрди. Қуръон, ҳадис ва фиқҳ илмида етук билимга эришди.
У Қуръон ўқишни ҳам, ўргатишни ҳам жуда яхши кўрарди. Бир куни Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ! Менга Ҳуд ва Юсуф сураларини ўқиб берасизми?” деб илтимос қилди. У зот ўқиб бердилар, Уқба эса тинглади. Кейинчалик у атрофдагиларга бу сураларни ўзига ўргатилганидек ўргатди.
У Қуръони каримни жуда чиройли, бехато ўқирди. Саҳобалар унинг ҳар бир қироатини тинглар, юраклари титрарди. Айниқса, осуда тунда баланд овозда, Мавлоси билан гаплашгандай, оятларни тафаккур қилиб, хушу билан ўқиётганда кўзлари ёшга тўларди. Бир куни ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу уни чақириб: “Эй Уқба! Менга Қуръон ўқиб бер!” деди. Унинг ёқимли қироатини тадаббур билан тинглаган ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу кўз ёшларини тия олмади, соқоллари ҳўл бўлгунча йиғлади.
Уқба розияллоҳу анҳу ўз қўли билан кўчирган Қуръонни мерос қилиб қолдирди. Яқин-яқингача ушбу қўлёзма Мисрда ўз номи билан аталадиган масжидда сақланарди. Бироқ, кейинчалик кўплаб маданий хазиналар каби у ҳам йўқолди. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврида Шом фатҳ этилганида у ҳам жангда иштирок этиб, катта қаҳрамонликлар кўрсатди. Қўмондон Абу Убайда розияллоҳу анҳу Уқба розияллоҳу анҳуни халифага хушхабарни етказиш учун юборди.
Муовия розияллоҳу анҳу даврида эса Миср волийси бўлди. Муовиянинг амрига кўра, Родос оролини забт этиш учун юборилган қўшинга қўмондонлик қилди. Уқба розияллоҳу анҳу ҳарбий илмларни завқ-шавқ билан ўрганарди. Ўзи ҳам моҳир камончи эди. Одамларни ҳам шунга чорларди.
Бир сафар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жаноби Ҳақ бир ўқ учун уч кишига жаннатни насиб этади” деган ҳадисларини эслатган эди. Ушбу ҳадисга амал қилиш мақсадида ўқ отиш машғулотларида катта ғайрат кўрсатарди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини, хусусан, ғазот одоблари ва Ислом арконларини етказувчи йирик ровийлардан ҳисобланган Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ҳижрий 58 йилда Мисрда вафот этди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан 55 та ҳадис ривоят қилган. Аллоҳ таоло у зотдан рози бўлсин!
Нигора МИРЗАЕВА тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws