Ҳавво бинти Язид розияллоҳу анҳо
Пайғамбаримизга ваҳий тушган Исломнинг илк даврида мадиналик ансорлар байъатга уч марта келишади. Улар биринчи келганларида жуда озчилик бўлиб, Исломга кирганларини сир тутган ҳолда уйларига қайтишади. Кейингисида ҳам ансорлардан бор-йўғи ўн икки эркак қатнашади. Шу билан Ислом дини Мадинада тарқалиб, илк меваларини бера бошлайди. Мадинадан байъатга келган аёллар орасида Ҳавво бинти Язид ибн Синон ҳам бор эди.
Ашҳал уруғига мансуб Умму Омир розияллоҳу анҳо айтади: «Шом билан хуфтон орасида Лайло бинти Хатим ва Ҳавво бинти Язид билан кийимларимизга ўраниб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бордик. У зотни кўришга ошиқардик. Етиб борганимизда ҳамроҳларимдан биринчи бўлиб мен салом бердим. У зот алик олдилар ва: “Нима иш билан келдингиз?” дедилар. Биз: “Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқлаймиз, Ислом ҳақ дин эканига гувоҳлик берамиз”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларни Исломга ҳидоят қилган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Байъатларингизни қабул қилдим”, дедилар. Мен у зотнинг яқинига бордим (саҳобалар у зотнинг қўлларига қўлларини қўйиб байъат қилишарди. Ҳавво ҳам шундай қилмоқчи бўлди). У зот: “Аёлларга қўл бериб, улардан байъат олмайман. Минг нафар аёлга айтганим бир аёлга айтганим кабидир”, дедилар (Имом Ибн Можа ривояти). Биз шу тарзда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга биринчи байъат қилган аёллардан бўлдик».
Ҳавво бинти Язиднинг онаси Ақраб бинти Муоз ибн Нўъмон Имруил Қайс машҳур саҳоба Саъд ибн Муознинг синглисидир. Саъд iбн Муоз розияллоҳу анҳу эса Ҳаввонинг тоғасидир. Бу саҳобиянинг акаси Рофиъ ибн Язид Бадр жангида қатнашганлардан. Ҳавво Исломни анча эрта таниб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эҳтиромларига сазовор бўлган аёллардан.
Ҳавво бинти Язид жоҳилият даврида машҳур шоир Қайс ибн Хатим Авсий билан турмуш қурди. Эри Қайс мушрик, Ҳавво ундан Язид ва Собит исмли фарзандлар кўрди, улар саҳобалардан. Қайс хотини Ҳаввога зулм ва ёмонлик қилишдан тийилмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаввога бўлаётган эрининг зулмидан хабар топди. У зот алайҳиссалом Қайсни Зулмажозда Исломга даъват қилдилар. Қайс: “Сен чақираётган дин нақадар гўзал. Бироқ мени жанг тўсиб турибди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар сафар: “Эй Абу Язид, сени Аллоҳ таолонинг динига даъват этаман”, десалар ҳам, у мазкур гапни такрорларди.
Ҳаввонинг тўнғич ўғли Язид розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссалом билан Уҳуд жангида қатнашган. Бу жангда мусулмонлар етти юз нафар, мушриклар уч мингга яқин эдилар. Жангда мусулмонлар жуда қалтис вазиятга тушиб қолдилар. Язид ҳам ўн икки жойидан яраланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни: “Эй жасур, орқангга қара! Эй ботир, олдингга қара!” деб олқишлаб турганлар. Язид розияллоҳу анҳу бундан бошқа ғазотларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида бўлди. У Абу Убайда розияллоҳу анҳу қўмондонлигидаги Жиср (кўприк) жангида ҳалок бўлди. Ибн Абдулбарнинг “Истиъоб” китобида айтилишича, Ҳаввонинг яна бир ўғли Собит розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалиги даврида вафот этган.
Ибн Саллом раҳимаҳуллоҳ “Буюк шоирларнинг табақалари” китобида Қайснинг мушрик ҳолида яшаб ўтгани, хотинини динидан қайтармоқчи бўлгани, ҳатто у саждадалигида бошини қибладан у ёқ-бу ёққа буриб озор бергани айтилган. Ҳаж мавсумида Маккага келган Қайсга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёлинг муслима бўлибди. Сен унга озор беряпсан. Унга бундай қилмаслигингни хоҳлайман”, дедилар (Ибн Саъд, «Табақот»).
Қайс: “Эй Абул Қосим, хўп бўлади! Сизга ёқмайдиган ишни қилмайман”, деди. Ҳаж мавсуми тугаб, Қайс Мадинага қайтди. У хотини Ҳаввога: “Муҳаммад билан кўришдим. У мендан сенга ёмонлик қилмаслигимни сўради. Ўзингга маъқулини қилавера, энди сенга тегмайман”, деди. Имом Байҳақийнинг “Далоил” китобида: “Динингга аралашмайман. Қасамки, мен уни (Расулуллоҳни) гўзал юзда кўрдим”, дейилган. Шундан кейин Ҳавво ошкора ибодат қиладиган бўлди. Агар кимдир жиғига тегмоқчи бўлиб: “Эй Абу Язид, хотининг Муҳаммадга эргашибди”, деса, у: “Мен Муҳаммадга хотинимга яхши муносабатда бўлишга ваъда берганман”, дерди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қайс ҳақида: “Қоракўз ваъдасига вафо қилди”, деганлар.
Ҳавво розияллоҳу анҳо барча хайрли ишларда саҳобиялар билан мусобақалашарди. Манбаларда унинг кейинги ҳаёти ва вафот этган йиллари ҳақидаги маълумот сақланиб қолмаган. Аллоҳ таоло Ҳавво розияллоҳу анҳони жаннатга биринчи кирувчилардан қилсин.
Ризвон БАҲРОМОВА,
Бухоро вилояти бош имом-хатибининг хотин-қизлар бўйича ёрдамчиси
(Б. ЭРАЛИ уюштирди).