Илм толибининг одоблари
Илм қалбга ўрнашади. Қалб пок бўлса, унга ўрнашган илм мустаҳкам ва баракали бўлади. Шу сабаб илм толиби қалбини кибр, риё, манманлик ва бошқа зарарли иллатлардан холи қилиши лозим.
Ниятни тўғрилаш. Банда олаётган илми орқали Аллоҳ таолонинг розилигини, илмига холис амал қилишни, инсонларнинг қалбига маърифат улашишни мақсад қилиши лозим.
Ўзини бутунлай илмга бағишлаш. Толиби илм туну кун умрининг ҳар бир лаҳзасини илм олишга сарфлаши лозим. Шунинг учун уламоларимиз: “Сен илмга борингни бермагунингча у сенга ҳеч нарса бермайди”, дейишган.
Аллоҳга доимо дуо қилиш. Талаба илмдан холи вақтларида зикр, дуо-илтижо билан банд бўлиши керак. Зеро, илм Аллоҳнинг нуридир. Уни Ўзи истаган бандасигагина беради.
Кўп овқат емаслик. Кўп овқат ейиш инсонларда эмас, балки ҳайвонларда мақталадиган сифатдир. Бундан ташқари, кўп таом ейиш кишини кўп сув ичишга мажбур қилади. Кўп суюқлик истеъмол қилиш эса ўз-ўзидан уйқуни чақиради.
Кам ухлаш. Албатта, бунга инсон соғлигига зарар қилмайдиган даражада амал қилиш керак. Бир кеча-кундузда саккиз соатдан ортиқ ухламаслик тавсия қилинади. Устоз танлашда шошмаслик ва Аллоҳга истихора қилиш. Салафи солиҳларимиз: “Илм бу диндир, шунинг учун уни кимдан олаётганингизга эътибор беринглар”, дея насиҳат қилишган. Толиби илм, аввало, қалби рози бўладиган устозни танлаб олиши лозим.
Устозга ҳурмат ва итоат. Толиби илм устозига барча ишларда бўйсуниши, тавозели бўлиши ва ҳурматлаши лозим. Сабоқдошларини ҳурмат қилиш. Киши ўзи билан бирга таълим оладиган шерикларини ҳам ҳурмат қилиши керак. Чунки улар илм йўлида орттирган дўстлари бўлиб, ҳеч қандай дунёвий манфаатни кўзламайдилар.
Дарсни, аввало, Қуръони каримни ўрганиш билан бошлаш. Чунки Қуръон илмларнинг энг улуғи, Аллоҳнинг каломидир. Унинг бошқа илмлардан афзаллиги Аллоҳнинг бошқа нарсалардан афзаллиги кабидир.
Сабоқдошларига кўмаклашиш. Илм толибининг ўрганганларини бошқа талабалар билан баҳам кўриши, уларга имкони борича ёрдам бериши ва насиҳат қилиши ҳам гўзал одобдир.
Китоб, дафтар, қалам ва бошқа ўқув қуролларини эҳтиёт қилиш, оёқ остига қўймаслик ва албатта, ҳар жойда эътиборсиз қолдирмаслик лозим. Чунки бу нарсалар жонсиз бўлса ҳам, талабага илм олишида восита вазифасини бажаради. Толиби илмнинг уларга кўрсатган ҳурмати илмга кўрсатган ҳурмати деб баҳоланади.
Чиройли ёзиш. Олаётган билимларини ёзиб бориши лозим. Чунки ёзиб бориш оқибатида илм мерос сифатида кейингиларга қолади. Шунинг учун у чиройли ёзишга ҳаракат қилиши керак.
Илмни яширмаслик. Аллоҳ таоло кимга илмдан бирор насиба берган бўлса, ўша кишининг зиммасида олган илмини яширмай, ўзгаларга етказиш мажбурияти туради. Бойликдан закот берилганидек, илмдан ҳам “закот” бериш шарт бўлади. Илмнинг закоти уни бошқаларга ўргатишдир.
Олган илмимизни яширмай, имкон қадар ўзгаларга етказар эканмиз, бунда бизга иккита фойда бор: илмни етказганимиз учун савоб олиш ҳамда бошқаларга ўргатишимиз муқобилида кўникма ва тажрибамизнинг ошиши.
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан