Билимсизлик гуноҳларга бошлайди
Халқимиз орасида гўдакни турли назарлардан асраш мақсадида кўзмунчоқ тақиш, бешигига қалапмир илиш, қўрқмай ухлаши учун ёстиғининг тагига пичоқ, нон қўйиш ҳолатлари учрайди. Шомдан сўнг бола билан кўчага чиқиш зарурати туғилса, қўйнига нон солиб қўйилади. Буларнинг бари билимсизлик, жоҳилликдандир, динимизга ёт бидъат-хурофотлардир.
Ислом ақидасига кўра, мусулмон киши доимо Аллоҳдан паноҳ сўрайди. Агар киши билиб-билмай, кўр-кўрона пичоқ, нон, қалампир, исириқ, кўзмунчоқ каби нарсаларга ишониб қолса, гуноҳи кабира, яъни кечириб бўлмас ширк амалини содир этган бўлади. Қуръони каримда: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечиради. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир”, дея баён қилинади (Нисо сураси, 48-оят).
Фарзандларимизни турли хатарлардан ҳимоялаш борасида Қуръони каримда ҳам, суннатда ҳам кўплаб кўрсатмалар бор. Хусусан, болаларни назарланиш ва ҳасаддан асраш мақсадида Фотиҳа сураси, Оятул Курсий, Бақара сурасининг охирги икки ояти ҳамда Фалақ ва Нос суралари ёки ҳадисларда кел ган дуоларни ўқиб дам солиш мақсадга мувофиқдир.
Қуръони карим ва ҳадисларда ворид бўлган зикрлар ҳаётимизни қамраб олади. Шунинг учун бошимизга бирор мушкул иш тушса, шариатимиз буюрган амаллар қи линади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо учун паноҳ сўраб: “Уъийзукумаа бика лимаатиллаҳит-тааммати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин. Ва мин кулли айнин лаамматин” деб айтар ва сўнгра: “Бобонгиз булар ила Исмоил ва Исҳоқ алайҳимассалом учун паноҳ тилар эди”, дер эдилар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Дуонинг маъноси: “Иккингизга Аллоҳнинг тугал калималари ила ҳар бир шайтондан ва зараркунандадан ҳамда гуноҳкор кўздан паноҳ тилайман”. Аллоҳ таолонинг калималари билан паноҳ сўраш У Зотга илтижо қилиш демакдир. Чунки бандадан Аллоҳ таоло ёмонликларни қайтаришга қодирдир.
Ушбу ҳадисдаги “калималари” лафзидан Аллоҳнинг гўзал исмлари, юксак сифатлари ва нозил қилган китоблари ёки Фалақ ва Нос суралари ёхуд Қуръони карим таъкидланмоқда. “Тугал” лафзи Аллоҳнинг калималари ҳар қандай нуқсондан пок, фойдали, шифобахш ва муборак эканини ифодалайди. “Ҳар бир шайтондан” жумласидан одам ёки жинлардан бўлган шайтонлар, “зараркунанда”, яъни ҳар бир чақадиган ҳашарот, “гуноҳкор кўз”, яъни ўзгага зарар етказиш учун ёмон назар билан қаровчи кўз назарда тутилмоқда. Кўпчилик оналар фарзанди билан кечки сайрга чиқишни хуш кўради. Бу ҳолатда ҳам улар эътибор қаратишлари зарур бўлган жиҳатлар бор.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қоронғи тушиши билан болаларингизни йиғиштириб келинг”, деганлар. Демак, фарзандига бирор зарар етишини истамаган ота-она уни шом маҳал кўчага чиқармаслиги керак.
Маълумки, шом – жин ва шайтонлар тарқаладиган вақт. Манбаларда келишича, шайтон зулматни яхши кўради ва ундан ўзига куч олади, нур ва ёруғликни эса ёмон кўради. Шайтон ва кофир жинлар фарзандларимизга зарар етказиши мумкин. Гоҳида болалар ўйинга берилиб, қоронғи тушганини ҳам, узоқроққа кетишганини ҳам сезмай қолишади. Бундан эҳтиёт бўлиш лозим.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ: “Кўпинча болалар таҳоратли бўлишмайди, Аллоҳ таолони зикр этишмайди. Шайтонлар эса шомда, Ер юзига тарқалаётганда барча нарсага тегиши, болаларни васваса қилиши мумкин”, деган. Исро сураси 24-оятида: “Раббим, улар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, дейилади. Ота-онанинг фарзандига туядиган меҳри Аллоҳ таолонинг раҳматидандир.
Хулоса шуки, ота-онанинг фарзандига меҳри Парвардигорнинг буюк инояти бўлиб, уни асраш, ёт ғоялар, турли бидъат амаллардан сақлаш керак. Меҳр ҳар қанча куч ли бўлмасин, эгасини гуноҳга етакламаслиги, ҳидоят йўлидан адаштирмаслиги лозим.
Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 10-сонидан