Чивинлар фақат зарар келтирадими?
Фараҳли ёз тунларида яйраб ўтиришга, тиниқиб ухлашга нафақат халақит қиладиган, балки оғриқли ва қаттиқ қичитадиган чақишлари билан азият берадиган чивинлардан инсоният бирваракайига қутулиб қўя қолса бўлмайдими? Ахир уларнинг турган-битгани зарар-ку!
Буниси ҳам етмагандек, чивин чаққанда унинг заҳридан ҳосил бўлган қичишишга бир неча кун чидаб беришнинг ўзи билан у етказган азият поёнига етмайди. Чивинлар бутун дунё бўйлаб турли касалликларни ҳам тарқатади. Масалан, Осиё, Африка ва Жанубий Америка давлатларида ҳашаротлар ташийдиган безгак, данга иситмаси ва сариқ иситмадан ҳар йили бир миллиондан ортиқ одам вафот этади.
Аммо келинг, муаммога бошқа тарафдан ҳам қараймиз ва англашга ҳаракат қиламиз – чивинлар фақат зараркунандами?
Биринчидан, чивинлар ва уларнинг личинкалари жониворлар учун озиқ-овқат захираларининг бир қисмидир. Қисқичбақалар, қурбақалар, калтакесаклар ва ҳашаротлар улар билан озиқланади. Иккинчидан, фақат урғочи чивинлар қон сўради ва улар барча турларнинг атиги 6 фоизини ташкил қилади, холос. Сайёрамиздаги 94 фоиз чивинлар безарар ва ўсимликлар нектари билан озиқланади. Уларнинг йўқотилиши гулларнинг чангланишини қийинлаштиради ва кўплаб ўсимлик турининг йўқолиб кетишига сабаб бўлади. Учинчидан, чивинлар – ўрмон муҳофизлари. Зотан, тропик ўрмонларни одамларнинг келиб ўрнашишидан ҳимоя қиладиганлар, айнан шу чивинлардир.
Чивинларга қарши кураш усулида ҳам ўзига яраша қийинчиликлар мавжуд. Масалан, уларни инсектицидлар (чивин, пашша, суварак, бит, қўнғизларни йўқ қилиш учун ишлатиладиган кимёвий модда) билан заҳарлаш самарали усул эмас, чунки бу бошқа ҳашаротларни ҳам нобуд қилади.
Бугунги кунда генетик модификация (тирик организмнинг генларини лаборатория шароитида ўзгартириш жараёни. Бу усул орқали ўсимлик, ҳайвон ёки микроорганизмнинг хусусиятлари ўзгартирилади) усули муваффақиятли қўлланмоқда. Кўп сонли қон сўрувчи турларнинг эркаклари лаборатория шароитида кўпайтирилди ва чивинлар тўпланган жойларга қўйиб юборилди, уларнинг авлодлари бепушт бўлиб қолди. Натижада уларнинг кўпайишини 96 фоизга қисқартиришга эришилди. Шу йўсинда сайёрадаги ҳамма чивинлардан эмас, фақат инсон учун зарарли бўлганларидан қутулишга уриниб кўриш мумкин. Назарий жиҳатдан, хавфли турларни буткул йўқотиш эмас, зарарсизлантириш, масалан, генетик модификация ёрдамида уларда безгак ташувчи паразитликка қарши иммунитет пайдо қилиш мумкин.
ЎзДЖТУ талабаси Робия ДАМИН қизи тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 12-сонидан