Қалбда зарра иймон бўлса…
Аллоҳ таолога иймон келтириш – диннинг асоси. Банданинг зиммасидаги биринчи фарз ва барча солиҳ амалларнинг пойдевори ҳисобланади. Усиз ҳеч бир амал қабул бўлмайди. “Иймон” сўзи “тасдиқ этиш”, “ишониш”, “омонлик бериш” маъноларини англатади. Шунга кўра, Аллоҳ таолонинг ягоналигига ишониб, иймон келтирган киши икки дунё хавф-хатарларидан омонда бўлади. Истилоҳий маъноси эса, Аллоҳнинг борлиги, бирлиги, холиқлиги, барча ишларнинг тадбирини қилиб турувчи, бандаларнинг ризқини берувчи Зот дея тил билан иқрор қилиб, дил билан тасдиқлашни англатади.
Даҳрийлар Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳни ўлдиришга қасд қилиб юрарди. Бир куни у зот масжидда ўтирганида, улар қилич яланғочлаб келишди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳ даҳрийларга:
– Аввал бир масалага жавоб беринглар. Сўнгра хоҳлаганингизни қилаверасizлар, – деди.
– Нима масала экан? – дейишди улар.
Шунда имом:
– Денгизда бошқарувчисиз бир қайиқ бор. У қайиқ уммоннинг улкан тўлқинлари ва даҳшатли шамолларидан бошқарувчисиз, эсон-омон сузиб ўтиши ақлга тўғри келадими? – деди.
Улар:
– Йўқ, бу ақлга тўғри келмайди, – дейишди.
Имом:
– Субҳаналлоҳ! Денгиздан биргина кема бошқарувчисиз сузиб ўтиши мумкин бўлмаса, унда пасту баландликлар (Еру осмонлар) ва ундаги барча нарса Яратувчисиз қандай қойм турар экан? – деди.
Даҳрийлар бу сўзни эшитиб йиғлай бошлашди ва тавба қилиб мусулмон бўлишди.
Аллоҳ таолога иймон келтириш муҳим ва хатарли масала. Муҳимлиги шундаки, амалларнинг тўғри ва қабул бўлиши унга боғлиқ. Масаланинг хатарли жиҳати эса барча адашган оқимлар иймон мавзусини нотўғри тушуниб, йўлдан оғишган. Аллоҳ таолога иймон келтириш ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга иймон келтирингиз…” (Нисо сураси, 136-оят). Оятда бир сўзнинг икки марта такрор келиши таъкидни ифода этади. “Тафсири Самарқандий”да ояти карима: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга бўлган иймонларингизда собит бўлинг”, дея тафсир қилинган. Демак, Аллоҳ таолога иймон келтирган банда то вафот этгунича иймонини асраб-авайлаб, унда собит бўлиши лозим.
Иймон келтирган киши Аллоҳ таолони яхши таниш билан маърифат ҳосил қилиши керак. Бу эса Ў Зотнинг гўзал исмлари ва сифатларини билиш билан бўлади. Қуръони каримда: “Бас, (эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг”, дея марҳамат қилинади (Муҳаммад сураси, 19-оят).
Муфассирлар: «Оятдаги “фаълам” калимаси “илм” сўзидан олинган бўлиб, шунга кўра, Аллоҳ таолони илм асосида таниш лозим. Чунки билмаган нарсага қандай иймон келтирилади, қандай муҳаббат қўйилади?!» дейдилар.
Иймон ўз эгасини ҳар қандай ҳолатда Яратганнинг буйруқларига итоат қилиш ва қайтариқларидан қайтишга чорлайди ва бу ҳолат банданинг қалбида Аллоҳга муҳаббат пайдо қилади. Иймони бор одам “Аллоҳ таоло ҳар бир ишимни кўриб, ҳар бир гапимни эшитиб турибди”, деган ишонч билан Ў Зотга хуш келадиган ишларни қилиб, ёмонликлардан тийилади. Суфён Саврий раҳматуллоҳу алайҳ суҳбатлашиб ўтирган кишиларга:
– Агар бир киши ҳар бир гапингизни подшоҳга етказиб турса, нималарни гапирган бўлардингиз? – деди.
Улар:
– Йўқ, гапирмас эдик, – дейишди.
Шунда имом уларга бундай деди:
– Бўлмаса, ҳаё қилинглар! Икки фаришта гапингизни подшоҳлар Подшоҳига хабар қилишга масъулдир.
Аллоҳга иймони бор одам “Тавбани фақат Аллоҳ қабул қилади” деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша ишни такрорламасликка шошилади. “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилингиз, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!” (Таҳрим сураси, 8-оят).
Иймони бор одам ўзида барча яхши фазилатларни жамлашга, разолатлардан четда бўлишга интилади. Шу боисдан иймон ҳар бир инсон, оила, жамият учун ўта муҳим ҳамда заруридир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Дарҳақиқат, (киши) гўзал хулқи билан рўза ва намознинг даражасини топади”, дедилар (Имом Баззор ривояти).
Демак, кишининг хулқи унинг иймонини билдиради. Аллоҳ таолога зарра иймони бор киши дўзахда абадий қолмайди. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, гуноҳ қилган мўмин тавба қилмасдан вафот этса, дўзахда абадий қолмайди. Гуноҳига яраша жазоланиб, қалбидаги иймони туфайли дўзахдан чиқарилади ва жаннатга киради. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қалбида зарра қадар иймони бор киши дўзахдан чиқади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга чин иймон билан солиҳ амаллар қилиб яшаб ўтиш бахтини насиб айласин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
http://hidoyatuz.taplink.ws