Ҳалол туризм: дунёда ўсиб бораётган янги сайёҳлик йўналиши
Малайзия мусулмон сайёҳлар учун қулай туристик муҳитни янада ривожлантириш мақсадида сентябрь ойини «Мусулмонлар туризми ойи» сифатида ўтказмоқда. 2026 йил 1 сентябрдан 30 сентябрга қадар давом этадиган мазкур ташаббус мамлакатда бешинчи бор ташкил этилмоқда.
Миллий дастур доирасида меҳмонхоналар, ресторанлар, спа-марказлар, туристик агентликлар, маданий объектлар ҳамда кўнгилочар мажмуалар мусулмон сайёҳлар эҳтиёжларига мос хизматларни кенгайтиришга қаратилган тадбирларда иштирок этади. Бунда «Muslim-friendly», яъни мусулмонлар учун қулай хизматлар концепцияси асосий ўринни эгаллайди.
Мусулмон сайёҳлар бозори кенгаймоқда
Бугунги кунда мусулмонлар туризми жаҳон сайёҳлик саноатининг тез ривожланаётган йўналишларидан бирига айланмоқда. Mastercard ва CrescentRating маълумотларига кўра, 2025 йилда халқаро сафар қилган мусулмон сайёҳлар сони тахминан 186 миллион кишига етган.
Мутахассислар прогнозига кўра, 2030 йилга бориб бу рақам 245 миллион кишига етиши мумкин. Мусулмон сайёҳларнинг хориждаги харажатлари эса шу даврга келиб 235 миллиард доллар атрофида бўлиши кутилмоқда.
Бу кўрсаткичлар мусулмон сайёҳлар учун махсус шароит яратишни нафақат диний эҳтиёжларни қондириш, балки туризм соҳасида катта иқтисодий имконият сифатида ҳам намоён этмоқда.
Қулай муҳит – асосий мақсад
Малайзия сўнгги йилларда мусулмон сайёҳлар учун қулай инфратузилмани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мамлакатда ҳалол озиқ-овқат маҳсулотларини таклиф қилиш, намоз ўқиш учун махсус жойлар ташкил этиш, мусулмон оилалар учун қулай меҳмонхона хизматларини йўлга қўйиш ва сайёҳлик дастурларини такомиллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, мусулмон сайёҳларга хизмат кўрсатувчи корхона ва марказларни сертификатлаш тизими ҳам ривожлантирилмоқда. Бу эса сайёҳларга хизматларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини аниқлаш имконини беради.
Малайзиянинг ёндашуви фақат ҳалол таом ёки ибодат учун жой билан чекланмайди. Оилавий дам олиш дастурлари, маданий тадбирлар, табиат қўйнидаги саёҳатлар ва замонавий кўнгилочар хизматларни мусулмон сайёҳларнинг эҳтиёжларига мослаштириш ҳам муҳим йўналишлардан бири саналади.
И.Аҳмедов тайёрлади.