Маърифат тарғиботи – эзгу амал
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижод уйи вакиллари – директор ўринбосари Холмат Атабоев, бош муҳаррир Абдужалил Хўжам ва Даврий нашрлар бўлими мудири Иброҳимжон Иномовлар Тошкент вилоятида хизмат сафарида бўлдилар.
Сафар давомида вилоятдаги туман ва шаҳарлар бош имом-хатиблари ҳамда отинойилар билан учрашувлар ўтказилди. Унда “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг 2027 йилги обуна мавсумини юқори савияда ва уюшқоқлик билан ташкил этиш, даврий нашрлар орқали ҳар бир хонадонга маърифат зиёсини етказиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Мулоқотларда мазкур нашрларнинг мазмуни йилдан-йилга бойиб, савияси юксалиб бораётгани эътироф этилди. Имом-хатиблар янги мавсумда жума мавъизалари, тўй ва маросимлар жараёнида ҳам матбуот тарғиботини янада кучайтиришларини билдирдилар. Зеро, халқимизни эзгуликка чорлаш, илм-маърифат ва маънавий савияни юксалтиришга хизмат қиладиган нашрларни тарғиб этиш ҳам эзгу ишлардан саналади.
Тадбир якунида “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасининг 2026 йилги обунасида фаоллик кўрсатган бир қатор туманлар бош имом-хатиблари ва масжидлар нашриётнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Шамсуддинхон Бобохонов” НМИУ матбуот хизмати