Беҳаё қизнинг ҳам ота-онаси бор(ми)?
Олимлар ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, Instagram ижтимоий тармоғи ёшлар орасида ваҳима ва жонсараклик даражасини оширади.
Истанбулдаги Медиопол университети руҳиятшуноси доктор Ситраванинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар турли мақсадларга хизмат қилади. Хусусан, Instagram асосан суратларни ва визуал нарсаларни олдинга чиқариш, диққатни визуал тарзда тўплашга қаратилган.
Доктор Ситрава, жумладан, бундай дейди: “Ёш қизлар ўзларининг ҳусну тароватини ҳамда ботинида юз бераётган энг гўзал туйғуларини кашф қилиш даврига кирган чоқда визуал жиҳатга эътибор берувчи ижтимоий тармоқлар уларга таъсир қилмай қолмайди. Ёшлар ўсмирликдан катталар оламига ўтаётганида ўзини тушуниш ва ривожланиш – тошқинлик жараёнида бўлади. Бу вақтда улар ҳиссиётларини жиловлашга қийналади ва ташқи кўринишига катта эътибор қаратади. Instagram айнан ана шу жараёнга жиддий таъсир қилади.
Instagram орқали ёшлар, айниқса, қизлар, ўзини бошқалар билан солиштириш имконига эга. Бу эса уларнинг ўзини кашф қилишлари учун осон йўлдек кўринади, лекин бу аслида энг хатарли йўллардан биридир. Чунки инсонлар ўз ички имкониятларини кашф қилиш ўрнига, бошқаларга ўхшашга ҳаракат қилиб, аслиятидан узоқлашиб, тақлидчига айланиб қолади. Бу уларнинг ҳақиқий муносабатларини ва ҳаётда ўз олдига қўйган режаларини ҳам бузиб юбориши ва диққинафасликка олиб келиши мумкин”.
Бу борадаги энг долзарб масала, биринчи галда ижтимоий тармоқдан фойдаланиш нимага хизмат қилаётганини аниқлаб олишдир. Доктор Ситрава айтадики, “Ёшлар руҳиятида муаммолар чиқаришига қарамай, ижтимоий тармоқдан воз кечолмайди. Хўш, нима учун улар ижтимоий тармоққа бунчалик берилиб кетяпти? Бунинг сабаби лайклар олганда кўтаринкиликни ҳис қилиш, ўзининг борлиғини намоён этиш ёки маълумотларни олиш-тарқатишга ўчлик бўлиши мумкин. Агар ижтимоий тармоқ шу мақсадларга хизмат қилаётган бўлса ва ёшлар буни тушунмаса, ноқулайликка қарамай улардан воз кечишмайди. Шунинг учун, аввало, ёшлар ижтимоий тармоқдан фойдаланиш мақсадини аниқлаб олишлари керак. Бу орқали улар ижтимоий тармоқни ҳаётида нечанчи ўринга қўйишни ва ундан самарали фойдаланишни билиб оладилар”.
Афсуслар бўлсинки, бу зарарли иллат бизнинг юртимизда ҳам кенг тарқалмоқда. Кўчаларда, хиёбонларда аксарият ёшлар вақтини беҳуда сарфлаб, кимлар учундир кулгили, беҳаё видеоларни суратга олиб, ўз саҳифасига жойламоқда. Уларнинг аксарияти ўсмир йигит-қизлардир.
Бир танишим телефонидаги қандайдир қизнинг беҳаё сурат ва видеоларини кўрсатди. Мен:
– Ким бу? Унинг ота-онаси борми? – деб ҳайрон қолдим.
– Бу дугонамизнинг укасига унаштирилган қиз, хабари йўқ, шекилли. Сиз уни огоҳлантириб қўйсангиз. Қолганлар буни билмаса яхши бўларди. Дугонамиз уялиб қолмасин! – деди.
Дугонамга бўлган гапларни айтиб бердим. Унинг бундан жаҳли чиқди. Қизнинг оиласидагилар ҳам бу номаъқулчиликни билмас экан. Унаштирув бузилди… Ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг кўп бўлиши учун бундай иш тутиш ачинарли ҳолат. Қизига ишонган, емасдан едирган отаоналар қандай ҳолатга тушгани ёлғиз Аллоҳга аён.
Ўзини кўз-кўз қилиш, айниқса, хотин-қизларнинг ўзини бундай тутиши диний ва миллий қадриятларимизга зиддир. Ижтимоий тармоқлар орқали шундай бемаъни ғоялар асирига айланиб қолиш ҳеч гап эмас. Буларнинг ҳаммаси кимгадир тақлид қилишдан келиб чиқади. Бир марта қўй илган нотўғри қадам бутун умрлик доғ қолдириши мумкин. Қиз бола ўзини яхши тутса, ота-онасининг юзи ёруғ бўлади. Агар нотўғри йўлга кирса, энг аввало, улар изтироб чекади. Ота-оналар фарзандларни эркин қўйиб юбормасдан, уларнинг дўстлари, қизиқишлари ва интернетдаги иштирокини кузатиб боришлари зарур.
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилса, улар фойдали ахборот манбаи бўла олади. Аммо ёшлар тарбиясида бу воситалар орқали тарқалаётган беҳаёлик, ҳашаматга, пулга ўчлик, сохтакорлик, дидсизликка қарши иммунитетни шакллантириш – замон талаби. Чунки ҳақиқий бахт – камера ортида эмас, балки инсонийлик ва ҳалол меҳнат орқали топилган чинакам ҳаётдадир.
Робия ДАМИН қизи тайёрлади.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан