Сут-қатиқни тунда ҳам берса, олса бўлади
Динимизда шомдан кейин болаларни кўчага чиқармаслик, тунда нарсаларнинг устини ёпиб қўйиш буюрилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қоронғи тушса, болаларингизни ташқарига чиқишдан қайтаринг. Чунки у маҳалда шайтонлар тарқалади. Қоронғи тушгач бирон соат ўтганидан кейин уларни ўз ҳолига қўйинг. (Ётар маҳалда) Аллоҳ исмини зикр қилиб, эшигингизни беркитинг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, чироғингизни ўчиринг. Аллоҳ исмини зикр қилиб, мешингиз оғзини боғланг ва Аллоҳ исмини зикр қилиб, идишингиз устини ёпинг. Ҳеч нарса топа олмасангиз, идиш устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам ёпинг” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти), деб таълим берганлар.
Бироқ тунда таом бериш, бемор кўришга бориш каби ҳолатлар ман этилмаган ва булар саодат асрида ҳам кўп қилинган амаллардир.
Афсуски, айрим ҳудудларда динимизда йўқ ишларни диндан деб бажариш ҳолатлари кузатилмоқда. Масалан, тунда сут ёки қатиқ бериб бўлмайди, кечаси қатиқ келса, уйдан барака кетади, “уни шайтон олади” ёки инсонга зиён етади, деган ботил гапларни гапиришади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кимки биз унга буюрмаган амални қилса, у, албатта, рад этилур” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оқликни тунда бермасликни динга боғлаш бидъат-хурофотдир. Масалан, бир оиланинг ёш боласи шамоллаб қолди, тунда томоғи бўғилди, натижада оила табиий даволаш мақсадида қўшнисидан сут сўрайди. Динга боғлаб сутни “оқлик” дея бермаса, боланинг аҳволи оғирлашади, бир эҳтиёжманд инсоннинг дили оғрийди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси одамларга энг кўп манфаати тегадиганидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).
Мўмина, муслима аёл қайси вақтда ёки қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, дўст, дугонасига ёрдам бериши зарур. Оят ва ҳадисларда ҳам ҳожатбарорлик мўминнинг юксак сифати деб айтилади.
Афсуски, одамлар шундай қилишяпти-ку, дея бидъат, ширк амалларни бажараётган аёл-қизларимиз ҳали-ҳануз бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одам болалари учта нарсадан ожиз қоладилар: ирим-сиримлар, бадгумонлик ва ҳасад. Иримлардан сени уларга амал қилмаслик, ёмон гумондан эса кўп гапирмаслигинг қутқазади. Ёмон дўстдан йироқ бўлиш ҳасаддан ҳимоялайди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Хотин-қизларни бу каби бидъат амаллардан қайтариш – отинойиларнинг вазифаси.
Маҳаллаларда аёл-қизлар билан суҳбатлашиб, тарғибот ишлари олиб борилса-да, ҳали-ҳануз бу каби ҳолатлар кузатилмоқда. “Олдин ўтганларимиз шундай қилган”, дея ёки оиладаги баъзи аёлларнинг гапига қулоқ солиб қилинаётган ишларни ўйлаб кўриш, отинойилар билан маслаҳатлашиб, урф-одатларнинг бидъат эмаслигига ишонч ҳосил қилиш афзал. Аллоҳ таоло барчамизни ширк амаллардан асрасин.* Феруза ОТАЖОНОВА,
ЎзМИ Хоразм вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар бўйича ёрдамчиси *К.Адашбоева уюштирди.
“Мўминалар” журналининг 2025 йил 12-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws