Чириган суякларни ким тирилтиради?
«Инсон Биз уни нутфадан яратганимизни билмайдими?! Энди эса, у очиқойдин хусуматчи бўлиб турибди?! У Бизга мисол келтирди ва ўз яратилишини унутди. “Суякларни ким тирилтирур? Ҳолбуки, улар титилиб кетган-ку?!” – деди» ( Ёсин, 77–78-оятлар).
Инсон ўзининг нутфадан, бир томчи арзимас сувдан, митти ҳужайрадан яратилганини унутиб қўяди. Одам боласи мазкур ҳақиқатни кўриб, кўрмасликка олиб, Аллоҳ таолога, Қуръони каримга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши очиқдан-очиқ душманлик қилади. Нимадан яралганига бир қараб, кимлигини англаб етиши керак. Инсонни яратган Зот ҳар қандай халқни яратишни жуда мукаммал билади, бандасини қайтадан тирилтириш ҳам У Зотга хос. Иккинчи марта яратилишга – ўлимдан кейин этларнинг, суякларнинг, иликларнинг тупроқдан яна баданга айланишига ишониш – улуғ саодат. Аслида бир кимсанинг йўқдан бор қилиниши – ўлимдан сўнг тирилтирилиб, иккинчи марта яратилишига энг катта далилдир.
Тафсир китобларида Ёсин сурасининг мазкур оятлари нозил бўлиш сабаби бундай баён қилинади: «Ос ибн Воил исмли мушрик қўлида суяк билан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: “Эй Муҳаммад, ўлимдан кейин тирилиш ҳақида гапираётган экансиз, чириган бу суякларни ким ҳам қайта тирилтира олади?” дейди.
Саркаш, нодон кимса ўзича Аллоҳнинг Расулига шундай эътироз қилади. Унга кўра, тупроққа қоришган чириган суяк қандай қилиб тирилсин? Инсон аслида тупроқдан яралган. Иккинчи яралиш – қайта тирилиш ҳам тупроқдан бўлади. Нима учун буни имконсиз деб биладилар?!» Аллоҳ таоло Исро сурасининг 49-оятида бундай дейди: «Улар: “Суяк ва титилган тупроқ бўлганимиздан кейин ҳам, яна янгидан яратилиб тирилтириламиз?” дедилар».
Агар бир кимса ўз кўзига парда тортган, кўнглига зулмат-қоронғилик тўлдирган, ҳақ йўлдан жудо бўлган эса, уни мўъжизалар ақлли қила олмайди. Ўлиб, сўнгра қайта тирилса ҳам, ўша ҳолатида тураверади. Инсон иймоний ҳақиқатларни тафаккур қилишга, улар олдида бош эгишга мажбур. Буни бажара олмаса, энг катта йўқотишга учрайди.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга Аллоҳнинг борлиги, охират, ўлимдан кейин қайта тирилиш ҳақида қанчалар кўп сабоқ бермасинлар, улар қайсарликларида туриб олдилар. У зот мушрикларнинг оёқ тираб туриб олишларидан сиқилар эдилар. Шунда Раббимиз Ўз Ҳабибига тасалли берди: «Агар уларга осмондан бир эшик очсагу, ундан чиқиб турсалар ҳам, улар: “Албатта, кўзларимиз боғланди, балки биз сеҳрланган қавмдирмиз”, дерлар» (Ҳижр сураси, 14–15-оятлар).
Ҳа, кофирлар, саркаш кимсалар осмондан бир эшик очилиб, Меърожга юксалсалар, жаннатў дўзахни, Аршни, Сидратул мунтаҳони, Байтул Маъмурни, фаришталарни кўрсалар ҳам, асло кўзлари очилмайди, кибрларини тарк эта олмайди. Киши эшитганига ишонмаса ҳам, кўрганига ишонади. Кўрганига ҳам ишонмаган кимсага ҳеч нарсани уқтириб бўлмайди. Бундай махлуқлар, суранинг бошида айтилганидек, ўзларига азобни ҳақ қилиб олган. Улар олдиларига бир тўсиқ, ортларига бир тўсиқ қўйиб, ҳақ олдида кар ва кўрдирлар.
Мазкур кофирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб, суяклар қайта тирилармиди, дея масхаромуз саволлар берар эдилар. Исро сурасида бунга жавобни ўқиймиз: «Сиз: “Тош ёки темир бўлиб олинглар. Ёки кўнгилларингизда катта кўринган бошқа бирон махлуқ (бўлиб олинглар)”, деб айтинг. Бас, улар: “Бизни ким қайта тирилтирур?” дерлар. Сиз: “Сизларни биринчи марта йўқдан бор қилган Зот”, денг. Улар сизга бошларини қимирлатур ва: “У қачон бўлур?” дерлар. Сиз: “Шояд, яқинда бўлса”, денг» (50–51-оятлар).
Қуръон, суннат, ақл ва соғлом табиат ўлимдан кейин қайта тирилишга далолат қилади. Аллоҳ таоло улуғ Китобида бу ҳақда хабар берган, унга далил келтирган ва Қуръоннинг аксар сураларида бу нарсаларни инкор қилувчиларга раддия берган. Қуръонда хабар берилганидек, барча пайғамбарлар ўлимдан кейин қайта тирилишнинг ҳақлигига иттифоқ қилишган.
Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам охиратни батафсил баён этганлар. Қайта тирилиш ва унинг воқе бўлиши ҳақлиги ҳамда ундан келиб чиқадиган нарсаларга далолат қилувчи турли далил-ҳужжатларни тушунтирганлар.
Шундай экан, ҳақни, ҳақиқатни тан олиш, эътироф этиш ва шунга умр бўйи тайёргарлик кўриб яшаш – чин мўминлик белгисидир.
Тафсир китоблари асосида Навбаҳор тумани «Ғойиб ота» жоме масжиди имом-хатиби Музаффар РАҲМОНОВ тайёрлади.
(Т. Низом уюштирди.)
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws