Асл таназзул нимада?
Давримизда оғриқли, муаммоли ҳодисалардан бири – имкониятлар ва қулайликлар илгаригидан кўра сезиларли даражада ортган бўлса-да, кўплаб ёшларнинг тинимсиз ақлий толиқиш (чарчоқ) ҳолатида яшаётганидир.
Бугунги кундаги ҳақиқий буҳрон имкониятлар етишмовчилиги ёки билимга эришишнинг қийинлиги билан боғлиқ эмас – у диққат ва диққатни жамлай олмаслик буҳронига айланиб улгурди. Чексиз контентлар оқими, ҳаётнинг шиддатли суръати ва чалғитувчи омилларнинг кўплиги сабабли фикри тарқоқ, яратишдан кўра кўпроқ истеъмол қилишга кўникиб қолган зеҳн пайдо бўлди.
Янгиликлар, қисқа видеолар ва юзаки суҳбатларни кузатиб соатлаб вақт ўтказиш одатий ҳолга айланди. Аммо бу жараёндан кейин инсонда на бирор теран фикр, на бирор ҳақиқий маҳорат ва на сезиларли бир олдинга силжиш қолади. Вақт ўтиши билан сезилмайдиган тарқоқлик ҳолати шаклланади: ички бўшлиқ фонида тинимсиз бандлик, бесамар тўхтовсиз ҳаракат.
Энг ачинарлиси, бу толиқиш шовқин-сурон билан эмас, балки аста-секин ва сезиларсиз содир бўлади – оқибатда зеҳн тезкор чалғишларга шу қадар кўникадики, узоқ вақт диққатни жамлаш толиқтирадиган, чуқур мушоҳада юритиш эса нодир ҳодисага айланади.
Бугунги воқеликда инсоннинг қадр-қиммати нафақат унинг билими, балки ўз оламини (шуурини) чалғишлардан ҳимоя қила олиш қобилияти билан ҳам ўлчанади. Ҳар куни юзаки маълумотларнинг улкан оқимига дучор бўлган зеҳн таҳлил қилиш, фикрлаш ва нарсаларнинг моҳиятига сабр билан сингиб бориш қобилиятини аста-секин йўқотади.
Билимлар тўлиб-тошган бир даврда нима учун юзакилик бу қадар кенг тарқалгани, нима учун фикр-мулоҳазалар кўп-у, аммо ҳақиқий тафаккур камлигининг сабаби ҳам мана шунда. Инсоннинг ривожланишига вақтинчалик шижоат тўлқинлари билан эмас, балки жимгина йиғилиб борадиган пойдевор: жиддий мутолаа, шошилмасдан мушоҳада юритиш, барқарор одатлар ва ақлий бетартибликни тинимсиз камайтириб бориш орқали эришилади.
Ҳамма нарса билан бирдан банд бўлиш, одатда, ҳеч нарсага эриша олмасликка олиб келади. Зеҳнга бирор нарса яратиши учун бироз сукунат, тинимсиз шовқин-сурондан узоқда ўзини тартибга солиб олиши учун эса интеллектуал ёлғизлик ҳудуди керак. Шу сабабли, давримизнинг энг муҳим жангларидан бири – нафақат вақт учун, балки диққат-эътибор учун олиб борилаётган жангдир.
Зеро, инсоннинг диққатини нима забт этган бўлса, ўша нарса унинг шахсияти, фикрлаш тарзи ва ҳаётга бўлган қарашларини шакллантиришда иштирок этади. Бутун бир авлод бошига тушиши мумкин бўлган энг хавфли нарса – моддий қашшоқлик эмас, балки чалғишга кўникиш, диққатни чуқур жамлаш қобилиятини йўқотиш ва муҳим нарсалар ўрнига доимо шошилинч (ўткинчи) ишлар билан банд бўлишдир.
Онглиликка ва мувозанатга қайтиш, одатда, оддий нарсалардан бошланади: чалғитувчи омилларни камайтириш, суръатни бироз секинлаштириш, мутолаага қайтиш ва тинимсиз ахборот истеъмол қилиш ўрнига зеҳнга фикрлаш имкониятини бериш керак. Зеҳн доимий шовқин ичида эмас, балки мушоҳада, диққатни жамлаш ва нарсаларга чуқурроқ назар ташлаш имконини берадиган кенгликда илдиз отиб, самара беради.
Доктор Абдулкарим БАККОР
Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржимаси қилди.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws