“Муаллим халқнинг қалбидур”
XX аср бошларида Туркистон ҳаётида юзага келган маънавий уйғониш жараёнида Абдулла Авлонийнинг ўрни беқиёс бўлган. У нафақат шоир ва драматург, балки маорифчи, жамоат арбоби, таржимон, педагог ва миллий тараққиёт ғоясининг илмий-назарий асосчиларидан бири эди.
Абдулла Авлоний “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Осиё”, “Турон”, “Иштирокиюн” каби газеталарга бошқош бўлган. Янги усул мактаблари ташкил этиб, улар учун қўлланмалар ёзган. Унинг “Биринчи муаллим”, “Иккинчи муаллим”, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, 4 жуз (қисм)ли “Адабиёт ёхуд миллий шеърлар” тўплами, “Мактаб гулистони”, “Мардикорлар ашувласи” каби асарлари бор. Шунингдек, у “Туркистон” номли театр труппасини ташкил этишда фаол қатнашган.
Абдулла Авлоний асарларида мактаб, муаллим, тарбия, илм ва миллат тараққиёти ўртасидаги боғланишлар кенг шарҳланади.
“Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асаридан:
“Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидур. Миллатларнинг тараққий ва таназзули, давлатларнинг қуввати ва заъфи, аввало ёшларига берилган тарбия ва таълимга боғлиқдур. Агар тарбия тўғри берилса, миллат комил ва саодатли бўлур, агар нотўғри бўлса, оқибати таназзул ва ҳалокатға етаклар”.
***
“Илм инсоннинг зийнатидур. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидур. Жаҳолат эса инсонни ҳайвоний табиатга яқинлаштрур. Шунинг учун болаларни илм-у маърифат билан тарбия қилмак ҳар бир миллатнинг биринчи бурчидур”.
“Биринчи муаллим” асаридан:
“Мактаб инсонни инсон қиладўрган, жаҳолатни кеткузадирган, ақлни нурлантирадиган муқаддас даргоҳдир. Мактабсиз миллат кўзи боғлиқ киши кабидур. Нур кўрмаган миллат тараққийи ўлини топмас”.
“Иккинчи муаллим” асаридан:
“Муаллимлик осон иш эмасдур. Муаллим халқнинг кўзидур, тилидур, қалбидур. Муаллим яхши бўлса, миллатнинг истиқболи порлоқ бўлур. Муаллим билимсиз бўлса, миллатнинг келажаги хатардадур. Шу сабабли муаллим аввал ўзини тарбия қилмоғи лозимдур”.
“Мактаб керак” мақоласидан:
“Миллатни тараққий қилдирмак учун аввало янги усул мактаблари очмоқ керакдур. Илм-маърифатсиз миллат бошқа миллатларга асир бўлур. Болаларимизни замон илмлари ила тарбия қилмасак, келажакдан умид қилмоқ мушкулдир”.
“Миллатни қутқармоқ учун аввало унинг болаларини ўқитмоқ керак. Бола илм олса, миллатга фойда келтурур. Илмсиз авлод миллатни қаранғуликда қолдурур”.
“Тарбияи атфол” мақоласидан:
“Боланинг тарбияси – миллатнинг тарбиясидур. Агар бола ёшликдан яхши таълим олса, ахлоқи ва ақли камол топса, у миллатнинг фойдалик фарзанди бўлур. Агар эътиборсиз қолдирилса, миллат учун зарар етиштурур”.
Таҳририятдан: 1934 йилда Абдулла Авлоний вафот этгач, уни пойтахтимиздаги “Боткина” қабристонига дафн этишади. 2020 йили ҳукуматимизнинг кўмаги ва бир қанча фарғоналик отахонлар, хусусан, Абдулмажид Ҳамидовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли Абдулла Авлонийнинг хоки “Чиғатой” қабристонига кўчирилди.
Ўз мухбиримиз тайёрлади.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws