Яхшиям сизлар бор экансизлар
Оилалардаги низолар сабабларини ўрганиб, ислоҳ қилишга ҳаракат қиламиз. Баъзан шундай оилалар бўладики, бизга “Сиз етмай турувдингиз!” дегандай муомала қилишади.
Бир сафар икки қуданинг жанжали устига бордик. Бир четда мунғайган келин, бошқа томонда бошини хам қилган куёвга кўзимиз тушди. Ёшларнинг ширин ҳаёти энди бошланган экан. Расм-русумдаги камчиликлар, арзимас дунё матосини талашаётган икки аёлни инсофга чақириш осон бўлмади. Келганимиз ёқмаганини, оилавий масалаларга аралашмасликни сўрашса-да, биз ҳам бўш келмадик. Бирини опам, бирини синглим деб муросага келтирдик. Қилаётган ишлари хатолигини тушунтирдик…
Шундай пайтларда отинойи диний, дунёвий илмлардан хабардор бўлиши зарурлигини тушуниб етамиз. Бу катталар муросага келгач, ёшлар хурсандлигидан “Яхшиям сизлар борсизлар”, дея миннатдорлигини билдиришди.
Афсуски, кўплаб ажримларнинг асосий сабаби ёшларнинг кўча-кўйдан “маслаҳат” олишларидир. Ваҳоланки, оилавий муносабатлар динимизда мукаммал баён қилинган.
Ислом дини эркакка аёлга нисбатан гўзал муносабатда бўлишни, оиласига силаи раҳм этишни таълим беради. Аёлга эса сабрли, шукрли, эрига меҳр-муҳаббатли, оиласига ғамхўр бўлишни тарғиб этади.
Жумладан, ояти каримада бундай дейилади: “Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара сураси, 187-оят).
Либос кишини беркитади, зийнатлайди, уни иссиқдан, совуқдан асрайди. Шу каби эр-хотин ҳам бир-бирларига либос, улар турмуш ўртоқларига “чанг” юқтирмасликка ҳаракат қилишлари керак. Бу борада кўпни кўрган, мулоҳазакор кексаларнинг, илм аҳлларининг насиҳатига қулоқ тутсак, кам бўлмаймиз.
Ҳузур маскани бўлган оила мол-дунё эмас, муҳаббат ҳамда тақво устига қурилса, у ерда саодат ва фаровонлик ҳукм суради.
Садбархон КАВЛЯНОВА,
Сирдарё вилояти Гулистон тумани
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws