Қандай нарсалар ва ҳолатлар таҳоратни синдиради?
⚫ Кишининг олд ва орқа йўлларидан келган барча нарсалар таҳоратни бузади. Бунда у нарсаларнинг ташқарига чиқиши шарт қилинмайди, кўриниши кифоя.
⚫ Бадандан қон ва йиринг чиқиб, жойидан сал оқса, таҳорат синган бўлади. Агар чиққан жойида туриб қолса, яъни оқмаса, таҳорат синмайди. Бурундан келган қон сиртга чиқмаса ҳам, ичида кўринишининг ўзи таҳоратни синдиради.
⚫ Оғизни тўлдириб қусилган қусуқ ҳам таҳоратни бузади. Қусуқнинг гапиришга моне (тўсқин) лик қиладиган миқдори тўлиб қусиш ҳисобланади. Шунингдек, агар киши бир ерда ва бир сабабдан оз-оздан қусса ва уларни тўплаганда оғиз тўладиган даражада бўлса, таҳорат бузилади. Аммо бир неча жойда ва турли сабаб билан оз-оздан қусса, таҳорат бузилмайди.
⚫ Агар қусуққа қон аралашган бўлса, унинг озгинаси ҳам таҳоратни синдиради. Оғиздан қусуқсиз келган қон сўлакни қизартирса, таҳорат синади, сарғайтирса, синмайди.
⚫ Чивин ёки бургалар бадандан қанча тўйиб қон сўрса ҳам, таҳорат синмайди. Лекин катта кана тўйиб сўрса, қайта таҳорат олиш лозим.
⚫ Қулоқдан оғриқсиз келган сариқ сув таҳоратга зарар қилмайди, оғриб келса, таҳорат бузилади.
⚫ Таҳоратни синдирадиган ҳар бир нарса нажас (ҳаром) ҳисобланади. Шунинг учун у теккан жойни ювиш лозим. Таҳоратни бузмайдиган нарса эса тозадир. Балғам таҳоратни бузмайди.
⚫ Бурунга ва қулоққа қуйилган мой қайтиб чиқса, таҳорат синмайди. Ичилган сув қайтиб чиқса, таҳорат кетади. Ҳушидан кетиш ва тутқаноқ тутиб йиқилиш ҳам таҳоратни кетказади.
Кулги таҳоратга қандай таъсир қилади?
⚫ Жаноза намозидан бошқа барча намозда балоғатга етган киши овоз чиқариб (қаҳ-қаҳ отиб) кулса, таҳорати кетади. Ёш боланинг кулгиси таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузмайди. Кулги уч хил бўлади: Овоз чиқариб кулиш (қаҳ-қаҳ отиб кулиш): таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузади. Ҳатто уламолар, кимки намоздан ташқарида қаҳ-қаҳ уриб кулса, қайта таҳорат олиши мустаҳабдир, деганлар. Фақат ўзи эшитар даражада кулиш: намози бузилади, аммо таҳорати кетмайди. Табассум (овозсиз кулимсираш): таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузмайди.
⚫ Эр хотинини, хотин эрини ушласа, ҳеч қандай намлик келмаса, таҳорат бузилмайди. Намлик келса, таҳоратни янгилаш керак.
⚫ Кўздан оғриқ сабабли келган ёш таҳоратни бузади. Лекин оғримасдан ёки бирон сабаб билан, масалан, шамол, қамашиш ёхуд тутун сабабли келган ёш таҳоратга зарар қилмайди.
⚫ Суяниб, ёнбошлаб ёки ётиб ухлаш ҳам таҳоратни кетказади. Аммо ҳеч қаерга суянмай, ўтирган ҳолда кўз кетиб қолса ва йиқилиб тушмаса, таҳорат бузилмайди. Муҳаммад ШАРИФ ЖУМАН
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 13-сонидан