СОЛИҲЛАР ЙЎЛИДА СОБИТЛИК
Шайх Сулаймон ибн Халаф Божийнинг фарзандларига васияти
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда.)
Васиятнинг бўлимлари
Биринчиси, шариатга оид билишингиз лозим бўлган нарсаларни баён қиламан ва улар орқали кейинги нарсаларга ишора ҳам бўлади. Иккинчиси, дунё ишларингизда қандай йўл тутишингиз кераклиги ва ўзаро муносабатларингизда қандай муомалада бўлишингиз лозимлиги ҳақида.
Биринчи қисм
Иймон арконларига ишониш
Аввало, Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтириш керак. Унинг шариатларини тасдиқлаш лозим. Агар шу асослардан бирортасига иймон келтирилмаса, қилинган ҳеч бир амал наф бермайди. Шунинг учун Аллоҳнинг Китоби – Қуръонни маҳкам тутмоқ лозим. Қуръонни ёдлаш ва унга амал қилиш Қуръонни ёд олиш, доим ўқиб туриш, унинг маънолари устида тафаккур юритиш, буйруқларига амал қилиш ва қайтарган ишларидан қайтиш зарур. Бу ишга доимий аҳамият қаратиш лозим.
Китоб ва суннатга мустаҳкам ёпишиш
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундай ривоят қилинган: “Мен сизларга икки нарсани қолдирдим, агар уларга маҳкам ёпишсангиз, мендан кейин ҳеч қачон адашмайсизлар. Улар – Аллоҳнинг Китоби ва менинг суннатимдир. Уларни озиқ тишларингиз билан қаттиқ тишлаб олинглар” (Икки ҳадис жамланган. Имом Молик ва Имом Абу Довуд ривояти).
Расулуллоҳга итоат ва муҳаббат қўйиш
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам биз умматларга ўта раҳмдил эдилар, биз учун ҳиммат қилдилар, насиҳат бердилар. У зотнинг васиятларига амал қилинглар, насиҳатларини қабул қилинглар. Қалбларингизда у зотга муҳаббатни мустаҳкам жойлаштиринглар. У зот келтирган динга рози бўлинглар, суннатларига эргашинглар, ҳукмларини қабул қилинглар. У зотнинг йўлидан юринглар, суннатини ўрганишга ҳаракат қилинглар. Чунки у зотга муҳаббат қилиш яхшиликка етаклайди ва ҳалокатдан қутқаради.
Саҳобаларга муҳаббатли бўлиш
Қалбингизга Пайғамбаримизнинг барча саҳобаларига бўлган муҳаббатни сингдиринглар. Хусусан, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум каби пок имомларга муҳаббат қилинглар. Уларнинг муҳаббати билан Аллоҳдан фойда тилайман. Улар орасида содир бўлган ихтилофлар ва воқеалар ҳақида ёзилган ривоятларни яхши гумон билан таъвил қилинглар, улар ҳақида яхши ақидада бўлинглар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Саҳобаларимни сўкманглар. Қасамки, агар сизлардан бирингиз Уҳуд тоғичалик тилла инфоқ қилса ҳам, улардан бирининг муди (“Муд” – қадимги ўлчов бирлиги, тахминан 0,5 кг.га тенг) ёки ҳатто ярим муд инфоқига тенг бўлмайди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Қаранглар, Уҳуд тоғичалик тилла ҳам саҳобаларнинг ярим инфоқига тенг келмаса, уларнинг фазилатини қандай тенглаштириш мумкин? Улардан бирортаси ҳам бор-йўғини Аллоҳ йўлида инфоқ қилишдан қизғанган эмас.
Уламоларни улуғлаш ва уларга эргашиш
Кейин эса тобеинлар ва улардан кейин келган уламоларни улуғлаш, уларни ҳурмат қилиш, уларнинг йўлидан юриш, сўзларини эҳтиром билан қабул қилиш ва уларнинг ҳақида доим яхши гумонда бўлиш керак. Намозда қоим бўлинг Намозни тўғри адо этинг. Чунки у диннинг устуни, шариатнинг асоси ва Ислом уммати учун энг муҳим фарз амаллардан. Покликка эътибор бериш, вақтида адо этиш, тиловатини тўлиқ қилиш, руку ва саждасини яхши адо этиш, намозда хушуни сақлаш, намозга тўлиқ юзланиш каби барча шартлари ва одобларига риоя қилиш лозим. Жамоатда ва масжидларда намозда қоим бўлишга интилинг. Чунки бу – мўминликнинг белгиси, солиҳларнинг йўли ва тақводорларнинг одатидир.
(Давоми бор)
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ таржимаси
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан