Мармар лавҳа – Масжидул Ҳаром меъморлиги тарихидан
Макка шаҳридаги Икки Ҳарами шариф меъморлиги кўргазмасида намойиш этилаётган мармар лавҳа Масжидул Ҳаром меъморчилигининг асрлар давомидаги тараққиёти ҳақида муҳим маълумот беради.
Маккада ташкил этилган «Ал-Ҳарамайн аш-Шарифайн» меъморлиги кўргазмаси муқаддас масканлар тарихига оид нодир ашёларни бир жойга жамлаган. Экспозицияда Масжидул Ҳаромнинг турли даврлардаги меъморий қиёфаси, унда амалга оширилган ўзгаришлар ва таъмирлаш ишларини акс эттирувчи тарихий ёдгорликлар намойиш этилмоқда.
Ана шундай қимматли экспонатлардан бири — ҳижрий 1073 йилга, яъни милодий 1662 йилга мансуб мармар лавҳадир. У Масжидул Ҳаром гумбазлари ва равоқларида қўлланган меъморий унсурлар билан боғлиқ бўлиб, муқаддас маскан меъморчилиги тарихининг муайян босқичидан дарак берувчи муҳим моддий манба ҳисобланади.
Лавҳа нафақат қадимийлиги, балки Масжидул Ҳаром меъморий қисмларини қайд этиш ва уларни асраб-авайлаш анъаналари ҳақида тасаввур бериши билан ҳам аҳамиятлидир.
Кўргазмада мармар лавҳадан ташқари, меъморий қисмлар, хаттотлик намуналари, қўлёзмалар, Каъба ва Икки Ҳарами шарифга дахлдор тарихий буюмлар, қадимий фотосуратлар ҳамда турли даврларга оид макетлар ҳам намойиш этилган. Улар Макка ва Мадина шаҳарларининг меъморий ҳамда шаҳарсозлик тараққиётини кузатиш имконини беради.
Икки Ҳарами шариф меъморлиги кўргазмаси Макканинг Уммул Жуд ҳудудида жойлашган бўлиб, қарийб 1200 квадрат метр майдонни эгаллайди. Еттита залдан иборат экспозицияда Масжидул Ҳаром, Каъбатуллоҳ, Масжиди Набавий, қўлёзмалар, тарихий фотосуратлар ва шаҳар тараққиётини акс эттирувчи макетлар жамланган.
Кўргазманинг муҳим жиҳатларидан бири — меъморий ёзувлар ва тарихий битикларга алоҳида эътибор қаратилишидир. Улар муайян меъморий қисмларнинг барпо этилиши, таъмирланиши ёки ўзгартирилиши ҳақида қимматли маълумот бериб, Икки Ҳарами шариф тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, тарихий меросни замонавий технологиялар ёрдамида ҳужжатлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Экспонатларни рақамли сканерлаш, суратга олиш ва 3D моделлаштириш орқали уларнинг нозик тафсилотлари сақланмоқда. Бу ноёб тарихий ашёларни келажак авлодларга етказиш ва тадқиқотчилар учун улардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.
Кўргазма тарихий буюмларни намойиш этиш билан бирга, Икки Ҳарами шариф меъморчилигининг асрлар давомидаги тараққиётини англаш имконини беради. Ундаги ҳар бир экспонат муқаддас масканларни асраб – авайлаш, уларнинг тарихий ва меъморий меросини сақлашга бўлган юксак эътибордан далолат беради.
И.Аҳмедов таржимаси.