ТОҒЛАР – ЕРНИНГ ТАЯНЧЛАРИ
Инсон тарих давомида тоғларга ҳайрат билан қараб келган. Осмон билан бўй талашган чўққилар, қорли қирлар ва салобатли тоғ тизмалари табиатнинг энг улуғ манзараларидан бири саналади. Аммо тоғларнинг ҳақиқий сир-асрори уларнинг кўзга кўринмайдиган қисмида яширин.
Бугунги геология фани аниқлаган ҳақиқатларга кўра, тоғлар Ер юзасида кўринаётган баландликлардангина иборат эмас. Уларнинг катта қисми ер қаърига чуқур кириб борган бўлиб, Ер қобиғи билан мустаҳкам боғланган. Яқинда кашф қилинган бу ҳақиқатга Қуръони карим ўн тўрт аср муқаддам ишора қилган: “Биз Ерни тўшак қилиб қўймадикми?! Тоғларни эса (Ерни тутиб турувчи) қозиқлар қилиб қўймадикми?!” (Набаъ сураси, 6–7-оятлар).
Нега айнан “қозиқ”?
Оятларда тоғларнинг “қозиқлар” деб номлангани уларнинг яратилиши ва вазифаси ҳақида чуқур тафаккур қилишга ундайди. Қозиқнинг асосий қисми ер остида бўлади. У айнан ерга чуқур кириб турган қисми туфайли ўз вазифасини бажаради.
Замонавий тадқиқотлар тоғлар ҳам худди шундай тузилишга эга эканини кўрсатмоқда. Ер юзасида кўринаётган чўққилар улкан тоғнинг юқори қисмигина холос. Унинг асосий қисми ер қаърида жойлашган.
Олимлар бу ҳолатни айсберг (музтоғ)га қиёслайдилар. Айсбергнинг сув устида кўринаётган қисми кичик бир бўлаги бўлиб, асосий қисми сув остида бўлади. Шу боис Қуръони каримда ишлатилган “қозиқ” ташбеҳи жуда ўринлидир.
Тоғлар қандай пайдо бўлади?
Замонавий геология маълумотларига кўра, тоғлар миллионлаб йиллар давомида содир бўлган улкан геологик жараёнлар натижасида шаклланади. Ер қобиғини ташкил қилувчи қатламларнинг ҳаракати, уларнинг ўзаро тўқнашуви ва ерости босими тоғларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Баъзи тоғ тизмалари қадимги денгиз ва океан тубларида йиғилган чўкинди қатламларнинг юқорига кўтарилиши натижасида вужудга келган. Шунинг учун ҳам айрим баланд тоғларда денгиз жонзотларининг қадимий изларини учратиш мумкин. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ерни эса, уни ёйдик ва унга тоғларни ўрнатдик ҳамда унда (ҳар ернинг ўзига) мос турли нарсаларни (ўсимлик ва меваларни) ундирдик”(Ҳижр сураси, 19-оят). Қуръони каримда тоғлар бир неча ўринларда тилга олинади. Уларда тоғларнинг яратилиши, вазифаси ва инсон учун ибрат жиҳатлари баён қилинган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «У яна сизларни тебратмаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди, (ичимлик ва экинларингиз учун) дарёларни (оқизиб қўйди) ва тўғри юришингиз учун йўлларни (пайдо қилди)» (Наҳл сураси, 15-оят); “Кўряпсизки, осмонларни устунларсиз яратиб, сизларни тебратмаслиги учун Ерда Қуръон мўъжизалари Тоғлар – Ернинг таянчлари тоғларни барпо қилди ва унда турли жондор(лар)ни тарқатиб қўйди” (Луқмон сураси, 10-оят).
Бу оятлар инсонга Ернинг мураккаб тузилиши ва ундаги ҳикматлар ҳақида фикр юритиш имконини беради. Қуръоннинг мақсади геологияни ўрганиш эмас, балки инсонни Яратувчининг қудрати ҳақида тафаккур қилишга чорлашдир. Тоғлар фақат табиатнинг гўзал манзараси эмас. Улар инсонга Аллоҳ таолонинг қудратини эслатиб турувчи буюк оят-аломатлардан биридир. Улкан тоғлар асрлар давомида дарёларга манба бўлиб, инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда.
Дарҳақиқат, тоғларга ташланадиган ҳар бир нигоҳ инсонни Яратувчининг қудрати, ҳикмати ва беқиёс санъати ҳақида ўйлашга ундайди. Тафаккур эса иймонни мустаҳкамлайди, қалбда шукр ва ҳайрат туйғуларини уйғотади. Шу маънода тоғлар нафақат мўъжиза, балки инсонни Раббисига етакловчи илоҳий белгилардан биридир.
Илёсхон АҲМЕДОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 4-сонидан