Ўз аҳлимиздан бошлайлик
Мўмин банда яхшилик истайди. Савоб умидида муҳтожларга ёрдам беради, хайрия ишларида қатнашади, эзгу амаллар қилишга интилади. Бу, албатта, улуғ фазилат. Аммо бир ҳақиқат борки, баъзан эътибордан четда қолади: энг улуғ саховат ҳам, энг катта масъулият ҳам инсоннинг ўз оиласидан бошланади.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир”» (Бақара сураси, 215-оят).
Ушбу оятда хайр-эҳсонга энг ҳақли номзод сифатида ота-она ва қариндошлар зикр қилинган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Кишининг сарфлайдиган динорларининг энг афзали – аҳли оиласига сарфлайдиган диноридир” (Имом Муслим ривояти).
“Аллоҳнинг розилигини истаб қилган ҳар қандай сарфингиз учун ажр оласиз, ҳатто аёлингизнинг оғзига тутган луқмангиз учун ҳам” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Яхшиликни ўз оиласи – ота-она, аҳли аёл, ака-ука, опа-сингилларидан бошлашнинг ҳақиқати шуки, инсон уларнинг таъминотига ва нафақасига масъулдир.
Айримлар нафақани фақат моддий таъминот деб тушунадилар. Аслида эса нафақа инсоннинг иймон тақозоси, масъулияти ва меҳрининг амалий кўринишидир.
Бугун минглаб юртдошларимиз ҳалол ризқ излаб узоқ юртларда меҳнат қилмоқдалар. Бу – эҳтиёжлар тақозоси. Бироқ инсон қаерда бўлишидан қатъи назар, унинг қалби оиласи билан бирга бўлиши керак. Чунки фарзанд учун ота меҳри, ота-она учун фарзанд эътибори, оила учун меҳр ва ғамхўрлик ҳеч қандай бойлик билан ўлчанмайди.
Айниқса, фарзандларининг тарбияси, аҳли аёлининг таъминоти ва кекса ота-онасининг ҳолидан хабар олиб туриш ҳар бир инсоннинг шаръий ҳамда инсоний бурчи. Аҳли оилани бошқаларга муҳтож қилиб қўйиш ёки уларнинг ҳақини эътиборсиз қолдириш ўта масъулиятсизликдир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳивасаллам: “Кишининг қарамоғидагиларини зое қилиши унинг гуноҳкор бўлиши учун кифоядир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бугун Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ва ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки кучли давлат аввало мустаҳкам оиладан бошланади. Оилада меҳр бўлса – фарзанд тарбияли, фарзанд тарбияли бўлса – муҳит соғлом, муҳит соғлом бўлса – давлат қудратли бўлади.
Шундай экан, яхшилик қилишни узоқдан эмас, ўз аҳлимиздан бошлайлик. Ота-онамиз розилигини олайлик. Фарзандларимиз камоли учун меҳнат қилайлик. Оиламиз фаровонлиги учун ҳалол ризқ топайлик.
Ота-онага эҳтиром, аёлга ғамхўрлик, фарзандларга меҳр-мурувват қилиш, одоб бериш Исломдаги энг улуғ вазифалардан саналади. Буларни адо этган инсон нафақат оиласи олдидаги бурчини бажарган, балки савоби улуғ садақа қилган бўлади.
Зеро, энг афзал садақа – инсоннинг ўз аҳли оиласи учун қилган эҳсонидир. Чунки оилага қилинган ҳар бир яхшилик – миллат келажагига қилинган хизматдир. ö Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 14-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws