Оиланинг энг нозик омонати
Бугун ахборот оқими кучайган, турли ғоя ва қарашлар ёшлар онгига ҳар хил манбалар орқали кириб келаётган асрда яшаяпмиз. Бундай шароитда фарзанд тарбияси, айниқса, қиз бола тарбиясига эътибор янада ошиши зарур. Чунки қиз фарзанд – эртанги она. Она эса оиланинг асосий тарбиячиси. Бугун қандай қиз тарбияласак, эртага шундай оила ва шундай жамият шаклланади.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг уч қизи ё уч синглиси ёки икки қизи ё икки синглиси бўлса ва уларга чиройли тарбия берса, улар ҳаққида Аллоҳдан қўрқиб иш тутса, унга жаннат бордир”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Ушбу ҳадис қизлар тарбияси юксак масъулият ва улкан савоб эканини кўрсатади. Шу жумладан, Ойша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Оилада ўзаро ҳурмат ва эътибор кучли бўлса, фарзанд ўзини қадрли ҳис қилади. Акс ҳолда, у бу эҳтиёжни ташқи муҳитдан излайди. Бу эса турли хатарларга сабаб бўлиши мумкин. Дарвоқе, қиз болани рўзғор юмушларидан ташқари замонавий билимлар соҳибаси, касб-ҳунарли, мустақил фикрлай оладиган шахс этиб вояга етказиш лозим. Қуръони каримда: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” (Зумар сураси, 9-оят) дейилади.
Илм эркакка ҳам, аёлга ҳам бирдек зарур. Илмли аёл оилада тўғри қарор қабул қилади, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашади, зарур ҳолларда эса иқтисодий мустақилликни ҳам таъминлай олади.
Баъзи ота-оналарнинг қизлари бирор ишнинг уддасидан чиқолмаса, дарҳол қўшнининг ёки бирор танишининг қизи билан солиштиради. Бу нотўғри. Қизни бошқалар билан солиштириш унинг қалбига оғир ботади. Айниқса, “Сендан одам чиқмайди” каби иборалар унинг ички ишончини пасайтиради. Тарбия қўрқитиш билан эмас, балки тушунтириш ва рағбат билан самара беради. Боиси, ҳар бир фарзанднинг қобилияти турлича бўлади. Ота-она унинг кучли томонларини аниқлаб, ана шуларни ривожлантириши лозим.
Оилада ота-онанинг муомаласи, муаммоларни ҳал қилиш услуби фарзанд учун амалиёт мактаби саналади. Шунинг учун тарбияни аввало ота-онанинг ўзидан бошлаш керак.
Бир сўз билан айтганда, қиз фарзанд – Аллоҳнинг омонати. Ота-оналар унга меҳр ва эътибор бериши, илм ва касб-ҳунарга ўргатиши зарур. Ана шунда у турмушнинг кейинги манзилларида қоқилмайди.
Марофат АЛИМОВА,
Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
(Ш. Содиқова уюштирди)
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws