“Завил-арҳам”ларнинг қисмлари, ҳақлари
Завил-арҳам вафот этганнинг Қуръони каримда улушлари белгиланмаган яқинларидир. Ҳанафий мазҳабида завил-арҳамлар тўрт қисмдир.
- Маййитга боғланган яқинлар. Улар маййитнинг қизларининг фарзандлари, ўғилларининг қизларининг фарзандларидир (қанча пастласалар ҳам).
- Маййитга боғланган қариндошлар. Улар онанинг отаси (қанча юқори бўлса ҳам), онанинг отасининг онаси ва отанинг онасининг отаси, онанинг онасининг отасидир (қанча юқориласа ҳам).
- Маййитнинг отасига боғланган қариндошлари. Улар маййитнинг ота бир опа-сингилларининг фарзандлари, ота бир ака-укаларнинг қизлари ва уларнинг ўғилларининг қизлари, она бир ака-ука ва опа-сингилларнинг (қанча пастласалар ҳам) фарзандларидир.
- Маййитга боболари ва бувилари орқали боғланган қариндошлари. Уларга маййитнинг тоға ва холалари, уларнинг фарзандлари (қанча пастласа ҳам), ота бир ёки туғишган амакиларининг қизлари, ўғилларининг қизлари (қанча пастласалар ҳам), шунингдек, маййитнинг аммаларининг (қанча пастласалар ҳам) фарзандлари ҳамда маййитнинг туғишган ёки ота бир амакисининг ўғилларининг қизлари ва уларнинг (қанча пастласалар ҳам) барча фарзандлари ва ҳоказо.
Завил-арҳамлар санаб ўтилган кетма-кетлик тартиби бўйича мерос оладилар.
Биринчи қисмнинг мерос олиши
Улардан маййитга энг яқини, яъни насабда яқинроғи меросга ҳақли бўлади. Масалан, қизнинг қизи билан ўғилнинг қизининг қизи бўлганда қизнинг қизи меросга ҳақли бўлади.
Агар уларнинг яқинлиги бир хил бўлса, меросхўрнинг зурриёти завил-арҳамнинг зурриётидан кўра ҳақли бўлади. Масалан, ўғилнинг қизининг қизи ва қизнинг қизининг ўғли бўлганда, ўғилнинг қизининг қизи меросга ҳақли бўлади.
Агар уларнинг ҳам даражалари тенг бўлса, ораларида меросхўрнинг зурриёти бўлмаса ёки барчалари меросхўрнинг зурриётидан бўлса ва зурриётлар маййитга бир жинс (масалан, эркак) орқали боғланса, мерос уларга ўзларига мувофиқ тақсимлаб берилади.
Агар улар маййитга турли жинс (баъзилари эркак ва қолганлари аёл) орқали боғланган бўлса, меросхўр зурриётнинг ҳар бирига маййитга боғланган тарафнинг мероси берилади. Масалан, маййитнинг ортида қизнинг ўғли ва қизнинг қизи қолса, мерос зурриётларнинг ўзларига мувофиқ, бир эркакка икки аёл улуши кўринишида тақсимлаб берилади. Аммо маййитнинг ортида қизининг ўғлининг қизи ва қизининг қизининг ўғли қолса, қизининг ўғлининг қизига отасининг улуши, яъни 2/3 улуш, қизининг қизининг ўғлига онасининг улуши, яъни 1/3 улуш бўлади.
Иккинчи қисмнинг мерос олиши
Улардан маййитга қайси тарафдан бўлса ҳам, энг яқини меросга ҳақли бўлади. Агар даражада тенг бўлсалар, маййитнинг тўғридан-тўғри меросхўрига боғлангани ҳақли бўлади. Масалан, маййитнинг ортида онасининг отасининг отаси ва онасининг онасининг отаси қолса, онасининг онасининг отаси меросга ҳақли бўлади. Чунки онанинг онасининг отаси маййитга тўғридан-тўғри меросхўр ҳисобланувчи буви орқали боғланган.
Агар тарафлар даражада тенг, қаробатлари бир хил, яъни иккалалари ҳам ота тарафдан ёки икковлари ҳам она тарафдан қариндош ҳисобланса ва ҳар бири маййитнинг тўғридан-тўғри меросхўрига боғланган ёки бирортаси ҳам боғланмаган бўлиб, маййитга тўғридан-тўғри меросхўр бўлганларнинг жинси ҳам бир бўлса, улар ўзларига мувофиқ меросни тақсимлаб оладилар. Шу ҳолатда маййитга тўғридан-тўғри меросхўр бўлганларнинг жинси фарқли бўлса, худди завил-арҳамларнинг биринчи қисмидагидек, фарқланган аввалги меросхўрга қариндошлик мерос тақсимланади. Агар фарқланиш қаробат жиҳатидан бўлса, ота тарафга 2/3 улуш, она тарафга 1/3 улуш берилади. Сўнгра ота ва она тарафдагиларга ўша улуш тақсимланади.
Учинчи қисмнинг мерос олиши
Уларнинг меросдаги ҳақлари аввалги қисмдагилар билан бир хилдир. Яъни, маййитга яқини меросга ҳақдор бўлади. Агар яқинлик борасида тенг келсалар, асабанинг зурриёти завил-арҳамнинг зурриётидан кўра ҳақлироқ бўлади. Масалан, маййитнинг ортида акасининг ўғлининг қизи ва синглисининг қизининг ўғли қолган бўлса, ака ва сингил туғишган ёки ота бир ёки бири туғишгану бири ота бир бўлсалар, мероснинг барчаси акасининг ўғлининг қизига тегади. Агар шу ҳолатда она бир ака ва сингил бўлсалар, зурриётлар эмас, асллар эътиборга олингани сабаб асл ҳисобланган ака ва сингил она бир бўлганлари учун худди она бир фарзандларнинг ўзлари меросда тенг шерик бўлганлари каби уларнинг зурриётлари ҳам тенг шерик бўлади. Бунда она бир акасининг ўғлининг қизига битта улуш, она бир синглисининг қизининг ўғлига бир улуш бўлади.
Тўртинчи қисмнинг мерос олиши
Ушбу қисмда қариндошлардан ёлғиз бири меросхўр бўлса, мероснинг ҳаммасини олади. Агар улар бир нечта бўлса, қариндошликда тенг бўлсалар, ота-она бир тараф меросга ҳақлироқ бўлади. Яъни, ота-она бир тараф ота бир ёки она бир тараф қариндошдан кўра меросга ҳақли бўлади. Агар қариндошлик тенг бўлиб, эркак ва аёл аралаш бўлса, бир эркакка икки аёл улуши берилади. Агар уларнинг қариндошлиги фарқли бўлса, масалан, амма билан тоға каби, қариндошликда яқинликнинг эътибори бўлмайди. Амма ота тараф бўлгани учун учдан икки (2/3) (яъни, отанинг улуши)ни олади, тоға она тараф бўлгани учун учдан бир (1/3) (яъни, онанинг улуши)ни олади. Тўртинчи қисмдагилар фарзандлари қайси тарафдан бўлишидан қатъи назар, маййитга энг яқин бўлганлари меросга ҳақли бўлаверади.
Саиджамол МАСАЙИТОВ,
ЎзМИ ҳузуридаги Фатво маркази бош мутахассиси
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws