Маърифатга ошуфта аёллар
Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий ижодиётининг бош мавзуси инсонни комиллик саодати томон бошлаш, маънавий қиёфасининг гўзал бўлмоғига эришиш, чин одамийлик фазилатларини улуғлаш, десак, хато бўлмайди. Беназир ижодкор наздида одам номига лойиқ бўлмоқ ва туғилиш моҳиятини тўлиқ англамоқ чин инсонликдир.
Адиб сўфий аёллар ҳаёт тарзи, сўз ва амали ҳақида “Насойимул муҳаббат” тазкирасининг охирги қисмида қимматли маълумотлар келтирган. “Эрлар мартабасига етган орифа аёллар зикри” деб номланган мазкур бобда 35 нафар валий аёлларнинг хислатлари қаламга олинган. Хусусан, Фотима бинти Абобакр Каттоний ҳақидаги бир маълумот эътиборни тортади: “Ул Самнун Муҳиб мажлисида вақтики муҳаббатдин сўз айтадур эрди, жон берди. Ва эранлардан дағи уч киши анинг мувофақатиға ўлдилар”.
Илму маърифатда беназир Робиаи Адавиянинг ҳаётидан берилган лавҳалар у зотнинг Аллоҳнинг маърифати йўлидаги хассосияти ҳамда риёзатини ёрқин акс эттиради. Ундаги жасорат эрларникидан кам эмас. Ўзидан кейинги давр сўфийлари учун унинг ҳаёт йўли афсонага, илоҳий ишқ ҳақидаги маслаги эса эзгу мақсадга айлангани барчага маълум.
Аёллар орасида танланганларнинг улуғ мақом соҳиблари, дея эътироф қилиниши, шубҳасиз, Қуръони каримда келган Марям бинти Имрон ҳақидаги оят билан боғлиқ: «Фаришталар: “Эй Марям, Аллоҳ сени (фазли учун) танлаб олди ва (ёмон ишлардан) поклади ҳамда сени бутун олам аёлларининг сараси этди”» (Оли Имрон сураси, 42-оят).
Бадиий адабиётда ҳам тоат-ибодатда қатъий бўлган, ёлғиз Яратганга таваккул қилиб, Аллоҳга ошиқ бўлган аёллар бениҳоя улуғланади.
“Ҳайратул аброр”нинг олтинчи мақолати одоб тўғрисида бўлиб, унда ёшу қарининг ўзини тутиш маданияти, оилада эрнинг бурч ва мажбуриятлари баён қилинган. Ҳазрат Навоий оилада аёл ва фарзанд хатти-ҳаракати учун барча жавобгарликни эрлар зиммасига юклайди. Эрнинг хотин олдидаги тавозе ва одоби ҳақида муҳим эслатмалар келтириб ўтади:
Ҳар неким, ул шаръдин этти удул,
Эрмас адаб, айласанг они қабул.
(Яъни шариат мезонига тушмайдиган ҳамма нарса одобдан ташқаридир. Уни қабул қилса, шариатга зид иш бўлади. Шу маънода эр аёлини шариат буюрганидек ҳурмат қилиши керак. “Удул” – “ташқарида, четда” дегани).
Умуман олганда, эрнинг хотин олдидаги одоби мана шундай. Мир Алишер Навоий асарлари мукаммал қомус, одоб-ахлоқ, тўғри яшаш қонуниятлари жамланган хазинадир. Шу боис бу асарларни ҳар доим мутолаа қилмоқ ва, энг муҳими, чуқур англамоқ лозим.
Насиба ЖЎРАҚУЛОВА,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Мўминалар” журналининг 2026 йил 4-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws