Марям алайҳассалом – ибодатли, итоаткор ва солиҳа аёл намунаси
Марям алайҳассалом Аллоҳга сидқидилдан ибодат қилган, Унга итоат этган ва ўзини ибодатга бағишлаган солиҳа аёл эдилар. У зот ибодат қилиш учун махсус жой ажратган эдилар. Мусулмон аёл ҳам уйида намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатларни адо этиш учун қулай жой тайёрлаши мақсадга мувофиқдир.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Фаришталар: “Эй Марям, Аллоҳ сени (фазли учун) танлаб олди ва (ёмон ишлардан) поклади ҳамда сени бутун олам аёлларининг сараси этди.” – деганларини эсланг» (Оли Имрон сураси, 42 – оят).
Бу оятдан аёл кишининг иймони, тақвоси, солиҳ амаллари ва диний илмга интилиши орқали юксак даражаларга эришиши мумкинлигини англаймиз. Мусулмон аёл ўзи ўрганган диний илмларни бошқа аёлларга ҳам етказиши, уларга насиҳат қилиши ва яхшиликка чақириши лозим. Буни одоб-ахлоқни сақлаган ҳолда, оилада, таълим муассасасида ва бошқа муносиб муҳитларда амалга ошириш мумкин.
Шунингдек, фарзанд тарбиясида онанинг ўрни беқиёсдир. Она фарзанди ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилиши, унинг солиҳ ва солиҳа бўлиб вояга етиши учун ҳаракат қилиши керак. Фарзандларга ғазаб билан баддуо қилишдан сақланиш зарур.
Аллоҳ таоло Марям алайҳассаломга шундай амр қилган: «Фаришталар: “Эй Марям, Раббингга итоат эт, сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қил!” – деганларини эсланг» (Оли Имрон сураси, 43 – оят).
Марям алайҳассаломнинг покликлари, иффатлари ва Аллоҳга бўлган итоатлари у зотга берилган улуғ неъматлардан эди. Аллоҳ таоло фаришталар орқали у зотга Исо алайҳиссалом ҳақида хушхабар бериб, шундай дейди: «Эсланг, фаришталар: “Эй Марям, Аллоҳ сенга Ўзининг «Калимаси» хушхабарини берадиким, унинг исми Исо Масиҳ ибн Марям бўлиб, (у) дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳга) муқарраб (яқин) кишилардандир.” – дедилар» (Оли Имрон сураси, 45 – оят).
Бундан мусулмон аёл ибодат, иффат ва солиҳ амалларга интилиши, фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялаши лозимлигини англаймиз.
Қисқача қилиб айтганда, Марям алайҳассаломнинг ҳаётлари ҳар бир муслима аёл учун ибратдир. Иймон, ибодат, поклик, диний илм, гўзал хулқ ва фарзанд тарбияси аёлнинг маънавий камолотида муҳим ўрин тутади. Мўмина аёл ҳар қандай шароитда ҳам Аллоҳ билан боғлиқлигини сақлаб, Унинг розилигини топишга интилиши лозим.
Зунира Субҳонхон қизи тайёрлади.